Инсон капитали индекси қандай аниқланади?
Бу йилги индексга 2020 йил март ойигача бўлган маълумотлар киритилган. Индекс давлатлар ўз фуқароларининг салоҳиятидан қай даражада самарали фойдаланаётганини ўлчашга йўналтирилган, бу орқали мамалакатда келажак авлодга қилинган инвестициянинг самардорлигини ўлчаш имкони яратилади. Таълим ва соғлиқни сақлашга бўлган эътиборсизлик туфайли мамлакат қанча зарар кўриши мумкинлиги ва бу зарар бутун бошли келажак авлодга салбий таъсир этиши ҳам таҳлил қилинади.
Инсон капитали инсонлар умри давомида тўплаб борадиган билим, кўникма ва саломатликдан иборат, булар инсонга жамиятнинг керакли аъзоси сифатида ўз салоҳиятини руёбга чиқаришга имкон беради.
Жаҳон банки маълумотларига таянадиган бўлсак, айнан инсон капитали сифати давлатларнинг иқтисодий ривожланиш даражасидаги 30 фоиз тафовутни белгилайди.
«Инсон капитали индекси» индекси 3та асосий компонентдан иборат:
- омон қолиш даражаси (бугун туғилган боланинг 5 ёшгача яшаш эҳтимоли),
- таълим (таълим давомийлиги ва сифати),
- саломатлик (мактаб битирувчиларини меҳнат бозорига меҳнатга яроқли соғлом инсон сифатида чиқиши).
Бу компонентлар 6 та кўрсаткич бўйича: янги туғилган боланинг 5 ёшгача яшаб қолиш эҳтимоли, таълимнинг давомийлиги, таълим натижалари (билим даражаси), сифатли таълим олиш давомийлиги, вояга етган болаларнинг яшаб қолиш даражаси, соғлом ўсиш (нуқсонсиз ривожланаётган болалар улуши) қараб баҳоланади.
Ўзбекистонда бир инсон ўз салоҳиятини ўртача 62 фоиз қўллай олади
Ўзбекистон ўз тарихида илк маротаба 62 фоизлик натижа билан ушбу индекс рейтингига киришга муваффақ бўлди. Яъни пандемиягача бўлган даврда Ўзбекистонда туғилган бола ўзининг маҳсулдорлик салоҳиятини ўртача 62 фоиз қўллай олади деб баҳо берилмоқда. МДҲ давлатлари орасида энг яхши натижа Беларус Республикаси (70 фоиз), Россия Федерацияси (68 фоиз) ва Қозоғистонда (63 фоиз) қайд этилган.
Ўзбекистон олдинги йилларда нега индексда қатнашмаган?
Дунё мамлакатларида инсон капиталини баҳолаш 1990 йиллардан бошланган. Кейинчалик уни аниқлаш механизмлари такомиллаштирилиб, Жаҳон банки томонидан 2018 йилда илк маротаба эълон қилинди. Ўзбекистон бу рейтингдан ўрин олиш учун бир неча йил олдин ҳаракатлар бошланган.








