Ўзбекистон | 09:33 / 05.10.2019
4908
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Инсон капитали индексини аниқлаш учун мактаб ўқувчиларининг билими синовдан ўтказилади

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати

Жаҳон Банки Ўзбекистонда Инсон капитали индексини аниқлашда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорлик қилиши ҳақида хабар берилганди.  

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати хабарига кўра, илк маротаба ўтказилаётган ушбу жараённи ташкил этишга оид долзарб вазифалар жорий йилнинг 3 октябрь куни Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбоев, Жаҳон банки вакиллари Янссен Тейшейра ва Аруб Иқбол, Ўзбекистонга халқаро тадқиқотларга тайёрланишда ёрдам кўрсатиб келаётган халқаро миқёсида тан олинган тестолог, эксперт Марк Зелман ҳамда инспекциянинг тегишли мутахассислари иштирокида муҳокама қилинди. 

Видеоконференция шаклида ўтказилган муҳокамада инсон капитали индексини аниқлаш учун мактаб ўқувчиларидан олинадиган тестларни танлаш, иштирокчиларни саралаш ва натижаларни умумлаштириш юзасидан ўзаро ҳамкорликдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Хусусан, мазкур синовларни PIRLS (бошланғич синф ўқувчиларининг матнни ўқиш даражаси ва сифатини баҳолаш) халқаро тадқиқотлари саволлари асосида ташкил этишга, бунда баҳолаш 4-синф ўқувчилари учун ўқув йили ҳали энди бошланганлигини инобатга олиб, 5-синф ўқувчилар ўртасида тадқиқот ўтказишга келишиб олинди. Синовлар учун топшириқлар халқаро миқёсида тан олинган тестолог Марк Зелман билан ҳамкорликда инспекция ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази мутахассислари томонидан PIRLS’дан саралаб танлаб олинади ва кўриб чиқиш учун Жаҳон банки вакилларига тақдим этилади.

Синовларни республика бўйлаб октябрь ва ноябрь ойларида ташкил этиш, бунда мавжуд мактабларнинг 2 фоизидан 10 фоизгача бўлган қисмини танлаб олиш режалаштирилган.

Таъкидланишича, ушбу синов натижалари сабаб Ўзбекистон тарихда илк маротаба Инсон капитали индекси рейтингига киритилиши кутилмоқда. Инсон капитали индекси рейтингини шакллантиришда асосан 3 хил йўналишда маълумотлар таҳлил қилинади: соғлиқни сақлаш, таълим сифати ҳамда бошқа иқтисодий кўрсаткичларга оид статистик маълумотлар. Ушбу маълумотлар Жаҳон банки ва иштирокчи мамлакат ҳамкорлигида шакллантирилади. 

2018 йилда эълон қилинган «Инсон капитали индекси-2018» рейтингида Ўзбекистон Республикасининг маълумотлари эълон қилинмаган. Ўзбекистон томонидан фақат соғлиқни сақлаш ва иқтисодий кўрсаткичлар тақдим этилган ва бу Жаҳон банки томонидан қабул қилинган. Бироқ, 2017 йилга қадар Ўзбекистон мактаб ўқувчиларини билимини аниқлаш учун ўтказилган мониторинг ишлари халқаро стандартларга мос равишда эмаслиги сабабли таълим сифати (ўқувчиларнинг билимини баҳолаш) бўйича тақдим этилган маълумотлар қабул қилинмаган.

Маълумот учун, Инсон капитали лойиҳасининг энг асосий мақсади – жадал технологик ривожланиш даври учун соғлом, замонавий билимга эга ҳамда муаммоли вазиятларга мослашувчан янги авлодни тайёрлашга кўмаклашишдан иборат. Сўнги натижаларда Инсон капиталига бошқалардан кўпроқ сармоя киритаётган энг фаол мамлакатлар бешлигидан Сингапур, Жанубий Корея, Япония, Ҳонконг ва Финляндия ўрин олган. Рейтингда шунингдек Марказий Осиёнинг уч давлати натижалари келтирилган - Қозоғистон (31-ўрин), Қирғизистон (76) ва Тожикистон (89).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид