2018 йил президент қарори билан ташкил этилган, Марказий Осиёда туризм соҳасидаги биринчи ва ягона университет янги биносининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, меҳмонлар, ўқитувчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни очиб берган Азиз Абдуҳакимов рамзий калитни жамоатчиликка тақдим этиб, мазкур олийгоҳ очилиши дунё олий ўқув юртлари тарихида ўзига хос уникал ҳодиса эканини таъкидлади.
Рамзий лентани кесишда университет ректори Абдуҳакимов, вилоят ҳокими Турдимов ҳамда «Нуроний» жамғармаси вилоят кенгаши раиси Ҳасан Нормуродов иштирок этишди.


Шундан сўнг меҳмонларга бино, ўқув хоналари, ўқув ишлаб чиқариш комплекси, унинг таркибидаги меҳмонхона, бар-ресторан, ошхона, спорт зал, чўмилиш ҳавзаси кабилар намойиш этилди.
Меҳмонлар йўқлама журнали кабиларнинг ўрнини босувчи янги технологиялар билан танишди. Яъни талабаларнинг дарсда қатнашиши юз танувчи камералар воситасида назорат қилинади.
Университетнинг бошқаларидан фарқли жиҳати ундаги очиқлик. Бино панжара ёки девор билан ўралмаган. Кембриж каби нуфузли хорижий олийгоҳлар сингари талабалар ҳордиқ чиқарадиган ажиб ўтлоқзорига ҳам эга.
Университетнинг спорт зали ва сузиш саройи ҳам энг сўнгги анжомлар ва технологиялар билан жиҳозланган.


Тадбирда Абдуҳакимов ва Турдимов университет ҳовлисига эсдалик дарахти экишди.
Университет маъмурияти маълумотига кўра, мазкур олийгоҳни мамлакат ҳамда қўшни давлатлар олий ўқув юртлари билан қиёслаб бўлмайди. Чунки профессор-ўқитувчилар таркибининг 70 фоизини чет элнинг етакчи олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва битирувчилари ташкил этади.




















