Кўрсатувда ҳудудий футбол ассоциациялари ходимлари маошсиз ишлаётгани ҳақида сўз боради. Бу борада ЎФА вакили изоҳ бериб, муаммо тез орада барҳам берилишини айтган, аммо мавзу шу билангина ёпилади деб бўлмайди.

Футболчи клуб билан шартномасида ноаниқликлар ва қинғирликлар бўлса, кимга мурожаат қилсин? Клуб футболчи олдидаги мажбуриятларини бажармаса, қаерга шикоят қилгани дуруст? Маошини ололмаётган футболчилар ишни нимадан бошлаши даркор? Шу каби саволларга Футболчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти – FIFPro вакили батафсил жавоб беради.

У дедик, бу дедик, ОЧЛдаги ягона вакилимиз чорак финалдан ортга қайтганига ҳаммамиз турлича фикр билдирдик. Мураббийнинг ўзи-чи, бу ҳақда қандай фикрда? У нимадан қониқди-ю, нимадан афсусда? Жамоа катта мегалойиҳа сифатида давом этадими ё...?

Ва ниҳоят, мухлислар Жалолиддин Машариповсиз «Пахтакор»ни кўришга тайёрланаверишсинмикин? Грузиялик мутахассис Шота Арвеладзе ОЧЛ ва бошқа мавзуларда гапирди.

ОЧЛ ҳақида

– Ўзимдан қониқдим, дейишим қийин. Жуда керак пайтимда бетоб бўлиб қолдим. Тақдиримда коронавирус бўлиш ёзилган экан, шу вирус қурғур менга ҳамма касал бўлган пайтда ёпишса бўлмасмиди... Ўша пайтда бўлганида, эҳтимол, вазият ҳозир бошқача бўлармиди.

Начора, шундай бўлиши керак экан. Финалга бир қадам қолганида тўхтадик. Жуда алам қилди. Афсус, сизлар у ерда бўлмадингиз. Акс ҳолда жамоамиз нафақат кучли, нафақат бу лигани ютишга қодирлигини, балки бу билан яшаганимизни, барча ўй-хаёлларимиз шунга қаратилганини, кубок бизники эканини барчамиз ичимиздан ҳис қилиб, сезиб турганимизни кўрган бўлардингиз. Ҳа, биз фикран ва руҳан бунга тайёр эдик. Жисмонан тайёрлигимизни-ку, айтмасам ҳам кўрдингиз. Қасам ичиб айтаманки, финал ва кубок нигоҳларимиз олдидан ўтиб кетди.

6 ўйин ўтказдик. Ўйиндан ўйинга кучайиб бордик. У ерда ҳақиқий карантинда яшадик: меҳмонхона – машғулот – ўйин. Бўлди, ҳеч қаерга чиқиш йўқ. Шундай тиғиз графикда, ўйлайманки, ёмон қатнашмадик турнирда. Худо бизга бу кубокни дарров инъом этмаганида ҳам бир ҳикмат бор – биз яна ва яна интилаверамиз, йилдан йилга кучаямиз, ўсамиз, ривожланамиз ва футбол бир ерда тўхтаб қолмаслиги учун ишлаймиз. Бу яхшиликка!

«Жалолиддиннинг фоли бўлмаганида...»

– Мен бу вазиятни телевизор орқали кўрдим. Ҳакам дастлаб сариқ карточка кўрсатганида реакциям шундай бўлди: эҳ, кейинги ўйинни ўтказиб юборади. Тушуняпсизми, мен хаёлан финалда эдим. Жамоам финалга лойиқ эди.