Kun.uz ходимлари Сурхондарё вилояти Узун туманидан тушган мурожаатни ўрганиш мақсадида ушбу туманда бўлди.

Маълум бўлишича, 2018 йил 5 февралда туманнинг собиқ ҳокими А.Норматов қарори билан туман марказидаги Ўзбекистон, Баҳористон ва Эркинлик кўчалари бош режага асосан қайта реконструкцияга тушади. Натижада, кўча ёқасидаги турар ва нотурар бинолар бузилади.

Қарорнинг 4-бандида: «Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (У.Алимов), туман молия бўлими бошлиғи (Б.Баратов) билан биргаликда туман марказий кўчаларининг бузиладиган турар ва нотурар биноларини баҳолатиш, тўланадиган товон пулларининг миқдорини аниқ ҳисоб-китобини юритиш ҳамда ушбу товон пулини тўлаш масалаларини амалдаги қонун талаблари асосида ҳал этиш юклатилсин», дейилган.

Аммо туман марказидаги Ўзбекистон кўчасида дўкони бўлган бир гуруҳ тадбиркорлар бузилган мулкининг товонини ололмай келяпти.

Масалан, Остонақул Турдиевнинг дўкони ҳам Ўзбекистон кўчасида бўлган. Айтишича, икки ўғли ва набиралари ушбу дўконда савдо қилиб келган. Ҳозирги вақтда бу оила ишини ҳам, мулкини ҳам йўқотган.

Тадбиркор дўкони бузилгач, бошқа ҳудудда ижара тўлаб, қисман фаолият кўрсатиб келяпти. Отахон бир неча марта суд ва ҳокимиятга мурожаат қилгани, аммо талаби қондирилмаётгани ҳақида гапирди.

Остонақул отанинг ўғли Абдуфаттоҳ Турдиев мазкур дўконда жияни билан савдо қилиб келганини айтди. Мулки бузилгач, жияни вақтинча ишлаш учун хорижга чиқиб кетган.

«22 яшар жиянимнинг Россиядан ўлиги келди. У мени ёнимда ишлаётганди.