00:22 / 26.10.2020
10018

Ҳарбий ОТМларнинг биринчи босқич курсантлари ватанга қасамёд қилди

Мудофаа вазирлиги қошидаги олий ҳарбий таълим муассасаларига жорий мавсумда қабул қилинган биринчи босқич курсантларининг ватанга қасамёд маросимлари ўтказилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Қуролли Кучлар академиясида ташкил этилган шундай тадбирда мазкур етакчи олий ҳарбий таълим муассаса ва Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети курсантлари ватанга қасамёд қилишди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Зокир Сайфуддинов ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва ота-оналар иштирок этди.

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳудуди ҳам муҳим воқеа сабаб, байрамона тус олди. Курсантларнинг яқинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда фахрийлар тадбир меҳмони бўлди. Бўлажак офицерлар чин мардлик, садоқат ва содиқлик сўзларини яқинлари гувоҳлигида таъкидлаб айтди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида ҳам курсантларнинг ватанга қасамёд қабул қилиш маросими алоҳида тайёргарлик билан ўтказилди.

Top