Қонун бир ён, ҳоким бир ён

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан Халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари рўйхати тасдиқланди. Мазкур рўйхатнинг 300-бандига мувофиқ, Тошлоқ хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи негизида Тошлоқ туман 1-сонли касб-ҳунар мактаби ташкил этилиши белгилаб қўйилган.

Мазкур фармон тасдиқланган рўйхатларга зарур ҳолларда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи Вазирлар Маҳкамасига берилган.

Президент маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов томонидан маҳаллий ҳокимликлар ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига эслатма (22.10.2019 йил, №08-3772) юборилиб, президентнинг юқорида қайд этилган фармони билан таъсис этиладиган профессионал таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг ҳудуди, бино ва иншоотларидан бошқа мақсадларда фойдаланишни режалаштирмаслик сўралган.

Аммо на президент фармони ва на маслаҳатчининг кўрсатмаси кор қилган Тошлоқ туман ҳокими ўз билганидан қолмаган.

Шошилиб ёки ўрганилмай чиқарилган қарор

Тошлоқ тумани ҳокими А.Жўрабоев шу йилнинг 12 октябрь куни 914-сонли қарорини қабул қилиб, унда «Қумариқ» маҳалласидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабини «Найман» маҳалласидаги собиқ Тошлоқ қурилиш ва касб-ҳунар коллежи биносига кўчириб, бино ва иншоотларини тумандаги 50 ва 19-мактабларга бериб юборган.