Тиш оғриғи нақадар азоб эканини жуда кўпчилик яхши билади. Қариндошларим орасида яхши стоматологлар бўлгани учун шу вақтгача тиш бўйича ҳеч ҳам муаммога учрамаган эдим. Лекин Кореяда узоқ вақтдан бери яшаётганимиз учун барибир ҳам тиш докторига ишимиз тушди.
Умуман олганда, менга ўхшаб Кореяда яшовчи кўплаб юртдошларимизни ҳам тиш оғриғи безовта қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб, Корея стоматологияси ҳақида ўзим билган ва кўрганларим билан ўртоқлашишга қарор қилдим.

Энг аввало, шуни айтиш керакки, Жанубий Кореяда стоматология хизмати жуда ҳам қиммат. Агар сиз Ўзбекистонда тишни даволатиш роса қимматга тушади, деб юрган бўлсангиз, Кореядаги нархларни эшитиб, адашибман, дейишингиз аниқ.
Қимматлигига қарамай, Кореядаги стоматология клиникалари доимо мижозлар билан гавжум. Билишимча, бунга асосий сабаб – кореяликлар таомномаси. Уларнинг кундалик рациони асосан аччиқ таомлар ва егуликлардан иборат бўлгани учун ҳам тишлари саломатлигига катта эътибор беришади.


Шу мавзуда гап кетганда, корейсларнинг энг бир ажойиб одатини эслаш шарт деб ўйлайман: корейслар тишларини кунига 5-6 маҳал ювишни канда қилишмайди. Магистратурада ўқиётган вақтимда корейс курсдошларим ҳар сафар овқатлангач ёки ҳатто қаҳва ичганидан кейин ҳам доимо тишларини ювишига гувоҳ бўлганман. Улар доим тиш пастаси ва чўткасини ўзлари билан олиб юришади.
Катталар учун стоматология хизмати
Хуллас, Вонжу шаҳрида илк марта тиш шифокори ҳузурига пломба қўйдириш учун боришимга тўғри келди. У вақтда ҳали давлат томонидан чет элликлар учун бериладиган тиббий суғуртамиз йўқ эди.

Seoul Insung cтоматологияси шаҳар маркази эмас, чекка ҳудудда, уйимизга яқин ерда жойлашган бўлса ҳам, клиникадаги шарт-шароитларни кўриб ҳайрон қолдим. Навбат кутиш хонасида юмшоқ ўриндиқлар, замонавий телевизор, бепул қаҳва машинаси, чой, ширинликлар бор. Энг қувонарлиси, аксар шифокорлар инглиз тилида бемалол сўзлашар экан.
Клиникада замонавий ускуналар ўрнатилган. Тишингизни даволашдан олдин албатта, рентген қилишади ва уни сиз бевосита компьютер орқали кўришингиз мумкин.
























