«Кун. Муносабат.» бу сафар коронавирус муаммосига бағишланди. Дунёда вазият яна ёмонлашяпти. Европа яна карантин қоидаларини жорий этмоқда, аммо минтақа аҳолиси бу қоидаларга риоя қилишга қарши. Айни пайтда, инсоният вирусга кўникди, ҳатто қўрқмай қўйди.
Хўш, Ўзбекистон қандай йўл тутиши керак? Kun.uz журналисти, олий маълумотли шифокор Аброр Зоҳидов ушбу мавзуда муаллиф ва бошловчи Бобур Акмалов билан суҳбатлашди.
– Aброр ака, мавзу борасида нима дея оласиз?
– Aслида, пандемияга қарши кураш нуқтаи назаридан айни пайтдаги ҳолатимиз 1-2 ой олдинги давр ёки баҳордагидан оғирроқ. Чунки касалланиш олдингидан анча кўп. Бундан ташқари, реал маълумотлар деярли йўқ. Расмий маълумотларга ишонч бутунлай йўқолиб бўлган. Бошқа маълумотнинг эса ўзи йўқ. Бу – одамларда касалликка нисбатан бутунлай лоқайдлик келтириб чиқаряпти.
Одамлар худди энди бу касаллик бизнинг ҳаётимизда доимий бўлгандек, касалликни енгиб, хоҳлаганча кўчага чиқиб, ишимизни қиламиз, деган фикрга келишди чоғи.
Европадаги норозиликларга келсак, улар касалликнинг оғир даврини бошдан кечириб ўтказишди. Уларнинг тиббиёти ҳам бизга нисбатан анча ривожланган. Улардаги норозиликларнинг асосий сабаби аҳолининг иқтисодий муаммоларига бориб тақалади. Аҳоли даромадининг катта қисмини туризм ташкил қиладиган давлатларда шундай норозиликлар пайдо бўлиши табиий.
– Демак, аҳолимиз ўзини тутиши тўғрими?
– Ҳаммаси вазиятни биз қандай қабул қилаётганимизга боғлиқ.
Вируснинг хавфли жиҳати шундаки, ҳалигача ҳатто ЖССТ ягона бир позицияни ишлаб чиқолмади. Биз бу касалликка қарши курашда бошидан охиригача энг қатъий чоралар билан яшашимиз керакми, бир мартадан касалланиб, вақтинчалик иммунитет яратиб олишимиз даркорми ёки барча ҳаракат вакцина яратишга қаратилиши керакми, бу бўйича аниқ бир фикр йўқ.
Шу ноаниқлик ҳар бир давлатнинг ўзича чора кўришига олиб келяпти.
– Муолажа жараёнлари ҳам ҳаммада ҳар хил...
– Энг хавфли жиҳатлардан бири ҳам шунда. Дунёнинг энг катта фармкомпаниялари ўртасида дориларни илгари суриш бўйича пойга кетяпти. Бу борада ОAВ ҳушёр бўлиши керак. Қай бир ишончли ОАВ жуда яхши самара бераётган дори тўғрисида маълумот беради. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, кимдир бу дорининг аслида самара бермаётганини айтади, лекин шу 10-15 кун ичида одамзотда қандайдир умид уйғонади. Соғлиқни сақлаш муассасалари, давлатлар ўша дорини катта миқдорда сотиб олади.













