Сурхон воҳасидан қайта туриб, Деҳқонобод туманидан ўтар эканмиз таҳририятга кўпдан буён бир кичик муаммода мурожаат йўллаб келаётган фуқаро билан учрашишга қарор қилдик. Муаммо шундаки, Мажбурий ижро бюроси Деҳқонобод туман бўлими фуқарони табиий газдан фойдаланиш билан боғлиқ масалада ноқонуний жаримага тортган.

Жарима ноқонуний қўлланилгани судда исботланганига қарамай, нафақадаги Бекназар Жўраевдан ундирилган 1 млн 115 минг сўм маблағни қайтариш 5 ойдан буён пайсалга солиб келинмоқда.

«Шу йилнинг 18 февралида МИБ ходимлари келиб, далолатнома тузиб кетишган. Далолатномага ҳам бор нарсани эмас, ўзлари истаган нарсани ёзишган. «Газ тармоғига нотўғри уланиб олган, газ ҳисоблагич ишламайди» каби кўплаб нотўғри фактлар билан акт тузилган. Шу акт асосида мендан жаримани ушлаб қолиш бўйича қарор чиқарган ва уни ижтимоий таъминот бўлими (бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман бўлими – таҳр.)га тақдим қилишган. 1 млн 115 минг сўм ноқонуний жарима апрель ва май ойларидаги пенсиямдан ушлаб қолинди», – дейди Бекназар Жўраев.

Бизга тақдим этилган ҳужжатларни ўргандик.

Даставвал туман МИБнинг 21 февраль кунги қарорига ва жарима солинишига сабаб бўлган далолатнома хусусида. Унда на гувоҳлар, на истеъмолчи имзосини топа оласиз. Қолаверса, далолатнома Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган қоидаларга зид тузилгани Деҳқонобод туман маъмурий судининг 13 июлдаги қарорида ҳам эътироф этилган.

Қоидага мувофиқ, далолатнома тузишда истеъмолчи ва гувоҳлардан ташқари, газ таъминоти ташкилоти вакиллари ҳам иштирок этиши шарт.

Бундан ташқари, айни далолатномада Жўраев хонадонига ўрнатилган газ ҳисоблагичнинг кўрсаткичи қачон тўхтаб қолгани ва яроқсиз ҳолатга келгани, бунга нима сабаб бўлганига ойдинлик киритилмаган, дейилади суд қарорида.