20 октябрь куни Президент Мирзиёев давлат тили байрами олдидан «Мамлакатда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Айни ҳужжатда Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳи тузиш ва қилиниши керак бўлган ишларни белгилаб олиш вазифаси юкланган.

Kun.uz шу каби камчиликлар, президент фармони, шу асос билан яқин вақтларда қилинадиган ишлар ҳамда турғунлик белгиси бўлган кирилл ёзувидан қачон тўлиқ воз кечилиши борасида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов билан интервью уюштирди.

— Айтинг-чи, фармон бўйича тузиладиган ишчи гуруҳ қанча вақтда лотин ёзувига тўлиқ ўтиш бўйича шароитларни ҳозирлайди? Умуман, ишчи гуруҳнинг қиладиган иши нимадан иборат бўлади?

— Бу фармон давлат тилини ривожлантириш ва буни қонунан мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишларнинг давоми ҳисобланади. Бу фармонда сиз айтганингиздек, лотин ёзувига тўлиқ ўтиш юзасидан топшириқлар ҳам белгиланган.

Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, биз ўз ёзувини энг кўп ўзгартирган халқмиз. Жумладан, араб ёзувидан узоқ йиллар фойдаланиб келдик. Ундан кейин лотин ва яна кирилл ёзувига ҳам ўтдик. 1993 йилдан бошлаб яна лотин ёзувига ўтиш бўйича ҳаракат қиляпмиз.

Президентнинг мана шу фармони эълон қилинганидан кейин айрим интернет сайт ва четдан юритиладиган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан буни бошқа томонларга буриш ҳаракатлари кузатиляпти.

Уларнинг фикрича, лотин ёзувига ўтиши билан Ўзбекистон туркий давлатлар билан бир бўлиб олаётган экан. Йўқ, лотин ёзуви бизга бегона ёзув эмас. Юқорида айтганимдек, 1929–40 йиллар орасида айнан шу ёзувдан фойдаланганмиз.

Яна бир нарсани айтиш керакки, 1993 йилда лотин ёзувига ўтиш бўйича қонун қабул қилинган бўлса, 2005 йил унинг ижросига охирги муддати деб олинган эди. 2004 йилда эса бу муддат яна 2010 йилгача деб узайтирилди. Афсуски, 2010 йил ўтиб, 2020 йил ҳам тугаяптики, биз ҳамон бу масалани ҳал қилолганимиз йўқ. Хуллас, бу вазиятга турли бўҳтон ва уйдирмаларни аралаштириш ярамайди.

Биз ўзимизнинг тарихий хатойимизни тўғрилашимиз керак.

Ишчи гуруҳ ҳам бекорга тузилаётгани йўқ. Ҳозир Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида бутун республика миқёсидаги етук олимларни жамлаган ҳолда катта ишчи гуруҳ тузилган.