Қадрли дўстлар!  

Аввало, ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган сиз, азизларни касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан мамнунман.

Халқимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб эгалари, муқаддас қасамёдига содиқ, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайди. 

Айниқса, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида чинакам саломатлик посбонлари бўлиб майдонга чиқаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир. 

Ушбу хавфли касалликка чалинган минг-минглаб юртдошларимизнинг шифо топиб, оиласи бағрига қайтаётганида, ҳеч шубҳасиз, сизларнинг беқиёс хизматларингиз бор. 

Фурсатдан фойдаланиб, бу машаққатли курашнинг олдинги сафларида туриб, ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб келаётган барча тиббиёт ходимларига ўз номимдан, бутун халқимиз номидан яна бир бор чуқур миннатдорлик билдираман.

Ҳурматли тиббиёт ходимлари! 

Биз ўз олдимизга халқимизни ҳар томонлама рози қилишдек улуғ вазифани қўйган эканмиз, бу мақсадга эришиш йўлида  соғлиқни сақлаш тизимини жадал ривожлантиришга биринчи даражали аҳамият қаратмоқдамиз.

Кейинги тўрт йилда бу борада сизлар билан бирга улкан ишларни амалга оширдик. Бу даврда соҳага доир 200 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинганини қайд этиш лозим. 

Юртимизда бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар такомиллашиб бормоқда. Оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш, касалликларни барвақт аниқлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббий маданиятни ошириш, аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш бўйича сезиларли натижалар қўлга киритилмоқда. 

Маълумки, 2020 йил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун мислсиз синов, айни вақтда изчил ривожланиш, янги тажриба орттириш йили бўлди. 

Соҳа ривожи учун давлат бюджетидан 14,8 триллион сўм ёки 2019 йилга нисбатан 1,2 баробар кўп маблағ ажратилгани, шунингдек, Инвестиция дастурига мувофиқ ушбу тизимга 1,15 триллион сўм маблағ йўналтирилгани мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, катта ишларни амалга ошириш имконини берди. Жумладан, марказда ва жойларда қисқа муддатда даволаш-профилактика муассасалари, карантин зоналари ҳамда саралаш-тақсимлаш марказлари барпо этилди, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 4 минг ўринли кўп тармоқли махсус шифохона ишга туширилди.