Бугун, 12 ноябрь куни Сирдарё вилоятига сафар қилган Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Kun.uz мухбирининг айрим саволларига жавоб берди.
Лойиҳалар ҳақида тўхталар экан жаноб Розенблюм шундай деди: «Кейинги дастуримиз Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Бу «Инглиз тилида сўзлашувчи мамлакат» ва «Информацион технологиялар билан ишлайдиган жамоа» деб аталади. Биргаликда ушбу йўналишларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширамиз. Бундан кўзлаган мақсадимиз — Америка тажрибасини ва бу соҳадаги ютуқларини Ўзбекистонга олиб келиш. Келгусида бу ўзининг ижобий натижасини беради, ёшлар ҳаётига ижобий таъсир қилади, деб ўйлаймиз».
Элчи Ўзбекистонда инглиз тилидан дарс берувчи ўқитувчиларни малака ошириш учун АҚШда ўқитиш режалаштирилганини ҳам айтиб ўтди.
— АҚШнинг Ўзбекистонга инвестиция киритиш борасида қизиқишлари қай даражада ва айнан қайси соҳалар сизнинг мамлакатингиз учун қизиқ?
— АҚШ компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритишга тобора кўпроқ қизиқиш билдирмоқда. Бунга сўнгги 2–3 йил давомида президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар сабаб бўлган. Тўғрисини айтиш керакки, Америка компаниялари бу ердаги бизнес борасида ўзгача тасаввурга эга эдилар ва айни пайтда улар Ўзбекистон бозорини ўрганишмоқда.
Бундан бир йил аввал, 2019 йилнинг ёзида Америкадан 15та савдо компанияларидан иборат савдо миссияси ташриф буюрганди. Буни ташкил қилишда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси яқиндан ёрдам берганди. Улар бу ерда савдо, ўз маҳсулотларини сотиш ва корхона яратиш имкониятларини ўрганиш учун келишганди. Уларнинг аксарияти илгари Ўзбекистонда умуман бўлмаган. Шу миссия натижасида турли соҳаларда бир қатор шартномалар имзоланганди.
Умид қиламизки, уларнинг қизиқишлари ортади. Асосан туризм, нефть ва газ, қишлоқ хўжалиги, агробизнес соҳасига, бундан ташқари, ўзларининг маҳсулотларини Ўзбекистон бозорида сотишга қизиқишади. Хусусан, яқиндан Procter&Gamble компанияси билан учрашиб гаплашгандим. Биласизки, бу компания дунё бўйича маҳсулотларини сотишда етакчи ҳисобланади. Улар ҳам бу ерда ишини кенгайтирмоқчи.
Лекин токи бу ислоҳотлар, инвестицион иқлим яхшиланиб, такомиллаштирилмас экан, менимча ҳали бери бу компаниялар келишмаса керак. Чунки улар ҳамон Ўзбекистон бозорини ўрганишмоқда. Ушбу ислоҳотлар янада жадалроқ олиб борилиши керак. Муҳими Ўзбекистонда бу жараён бошланган.














