Бухоронинг сўнгги амири Сайид Олимхоннинг отаси Сайид Абдулаҳадхон 1894 йилдан вафотига қадар амирликни Карманадан туриб бошқаргани ҳақида маълумотлар бор.

Шу даврда у Кармана атрофида Чармгарчорбоғ, Гулчорбоғ, Боғи олчин, Жарчорбоғ каби бир нечта чорбоғлар қурдирган. Шулардан бугунгача фақат биттаси сақланиб қолган. Бу – Кармана туманининг Кўҳнақўрғон маҳалласида, Зарафшон дарёсига яқин ҳудудда жойлашган Мирзачорбоғ.

Мазкур обида Сайид Абдулаҳадхоннинг ёзги қароргоҳи ҳисобланган. 1900-1905 йилларда барпо этилган, бетакрор меъморий услубга эга ушбу сарой нафақат тарихийлиги, балки наққошлик, ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги санъатининг ўша даврга хос намуналари акс этгани билан қимматлидир.

Мирзачорбоғнинг қурилишида меъмор Абдураҳим Турдимурод ўғли Ғазғоний бош-қош бўлган; ўша даврнинг номдор ганчкор устаси Ширин Муродов ҳам иштирок этган.

Сарой 1942–43 йилларда поляк аскарлари учун казарма қилиб берилган. Сўнгра қишлоқ хўжалиги учун фойдаланишган, жумладан, пиллачилик идораси бўлган. Афсуски, бугун у харобазорга айланган.

Кейинги йилларда Маданият вазирлиги кўплаб тарихий обидаларга эътибор қаратди, айримлари катта маблағ эвазига таъмирланди, обод этилди. Аммо негадир Мирзачорбоғга на Маданият вазирлиги, на маҳаллий ҳокимият «назар солмоқчи» эмас. Ҳатто атрофини бегона ўтлардан тозалаб қўйишнинг имкони йўқдек, гўё.

Карманада бундай сарой борлигини чет эллик туристлар тугул кўплаб карманаликларнинг ўзлари билмайди. Билганлар эса бориб, тилла излаб кўриш мақсадида ўзи қаровсиз бўлган қароргоҳнинг девор ва ганчкор нақшларини бузиб ташлашмоқда. Бундан 2–3 йил олдин мавжуд бўлган саройнинг олд кириш қисми ҳозирда бутунлай қулаб тушган. Сабаби, маҳаллий аҳоли ўртасида саройнинг ўрта кириш қисмидаги зинанинг тагидан яқин ўтмишда бир сандиқ тилла чиққани (ҳозир бу зина йўқ) хусусида гап-сўз юради. Агар аҳвол шу тариқа давом этса, яна 5–10 йилдан сўнг сарой бутунлай қулаши аниқ.