Ўзбекистон | 11:49 / 19.11.2020
7298
2 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев: Тошкентда тиббиёт туризмини ривожлантиришга имконият бор

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшлар ойлиги доирасида ташкил этилган учрашувда иштирок этиб, шаҳарнинг келажаги ҳақида мулоҳазасини билдирган.

Тошкент шаҳрида 6 ноябрдан бошлаб бир ой давомида ўтказилиши режалаштирилган ёшлар фестивали доирасида ҳоким ва ёшлар учрашуви ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими ёшларнинг саволларига жавоб бериб, шаҳарнинг келажаги ҳақида мулоҳазасини билдирган.

«Тошкентда тиббиёт туризмини ривожлантириш учун имконият бор. Бу ерда завод, фабрика қуриб бойиб бўлмайди. Тошкентда завод ва фабрикалар қурганимиз билан уларда ишлайдиган ишчи йўқ», — деган у.

Фестиваль бошланишидан олдин ўтказилган матбуот анжуманида ҳоким, мазкур тадбир ёшлар учун маданий ҳордиқ чиқариш билан бирга, уларни ҳокимият билан боғловчи муҳим тадбирлардан бири бўлишига умид билдирганди.

«Президентимиз пандемия даврида яшашга, ишлашга ўрганишимиз керак, деб кўп марта айтадилар. Covid қачон кетади, қачон бу касалликдан қутуламиз, бу ёлғиз худога аён. Бу йил ёзи билан ёшларимиз уйда ўтирдилар. Ҳеч қандай тадбирлар ташкил қилинмади. Карантин кўпчилик ёшларимизга салбий таъсир қилди», — дея қайд этган у.

Маълум қилинишича, фестиваль технологиялар, таълим, спорт ва маданият каби тўрт йўналишда ўтказилади. Тадбирларда 500 минг нафарга яқин ёшларни қамраб олиш режалаштирилган.

Ойлик доирасида маҳорат дарслари, бадиий кўргазмалар, таълим ва спорт тадбирлари, концертлар, пойтахт бўйлаб саёҳат, турли танлов ҳамда флешмоблар бўлиб ўтмоқда.

Мавзуга оид