Самарқандга карантиннинг бошидан буён бормаганлар ҳозир боришса, анча ўзгаришларни кўришлари мумкин. Айниқса кўчаларда. Ҳа, карантин вақтида Самарқандда кўплаб йўллар таъмирланди. Фақат шаҳарда эмас, туманларда ҳам йўлсозлик ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти ҳудудида 16 319 км узунликдаги автомобил йўллари рўйхатга олинган. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 августдаги 169-сонли қарорига мувофиқ 4 097 км узунликда умумий фойдаланишдаги ҳалқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўллари мавжуд. Шундан, 385 км ҳалқаро, 979 км давлат аҳамиятидаги, 2 733 км маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўллари ҳисобланади.

Ушбу автомобил йўллари Самарқанд вилояти автомобил йўллари ҳудудий бошқармаси тасарруфида бўлиб, уларда бошқарма таркибидаги туман йўллардан фойдаланиш корхоналари томонидан эксплуатация қилиш ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Бундан ташқари вилоят ҳудудидаги хўжаликлараро қишлоқ автомобил йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллардаги минтақавий автомобил йўллари 12 222 км.ни ташкил этади.

12 222 км йўл туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари ҳисобида туради. Шундан 5 875 км қисмини таъмирлаш талаб этилади. Таъмирлаш ишлари «Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДУК томонидан давлат дастурлари асосида ажратилган маблағлар эвазига амалга оширилмоқда.

2020 йил режаларни амалга ошириш учун жами 521 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан республика бюджети ҳисобидан 330,8 миллиард сўм, маҳаллий бюджет ҳисобидан 83,5 миллиард сўм ажратилган. Шунингдек, Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси ҳисобидан 106,7 миллиард сўм ажратилган.

10 ойда 788,7 км йўл таъмирланди

Жорий йилнинг ортда қолган 10 ойида жами 498,6 миллиард сўмлик йўл таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, республика бюджети ҳисобидан 320,3 миллиард сўм, маҳаллий бюджет ҳисобидан 83,5 миллиард сўм ҳамда Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси ҳисобидан 94,7 миллиард сўм сарфланди.

Натижада 788,7 км узунликдаги автомобил йўлларининг ҳолати яхшиланди ҳамда қайта қуриш ва тўла таъмирлаш ишлари билан биргаликда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Хусусан, Инвестиция ва тўла таъмирлаш дастурларига асосан 32,4 км автомобил йўлларида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунлади. Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида 503,6 км жорий таъмирлаш ишлари, шаҳар кўчалари ва ички хўжалик йўлларида 252,7 км капитал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу таъмирлаш ишлари учун 10 ойда 697 минг тонна асфальтобетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.