Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Мажлисда Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова парламент сўровини юборишдан олдин олиб борилган ўрганишлар ҳақида маълумот берди.

«Сўнгги бир неча йилда оилавий ажрашишлар сони кўпайиб бормоқда. Оилавий турмушда шахслараро муносабатларнинг бузилиши, бепуштлик, оила аъзоларининг касал бўлиши, ногирон болаларнинг туғилиши – муҳим сабаблардан биридир. Ажрашишларнинг 60 фоизидан ортиғи 6 йилгача яшаган оилалар бўлиб келяпти. Аксарият ажрашишлар айнан ёшлар оилаларида бўлмоқда.

Глобализация жараёнлари ёшларимиз саломатлигига ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида ёшларимизда қандай муаммолар бор? Афсуски, соғлиқни сақлаш тизимидаги баъзи бир камчиликлар, ёшларимизнинг тиббий маданияти сустлиги натижасида оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичлари, оналар ўлими кўрсаткичлари сўнгги йилларда камаяётгани йўқ. Нуқсонли гўдаклар туғилиши ўсиб бормоқда.

Ёшларнинг никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш тартиби жорий қилинганига қарамасдан 2019 йилда 2017 йилдагига нисбатан 1 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар сонининг ўсиши 110,5 фоизни ташкил этмоқда», дея Дилором Тошмуҳамедованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мамлакатимизда ҳар йили ўртача ҳисобда 300 мингдан зиёд никоҳ қайд этилаётган бўлса, 600 мингдан ортиқ киши никоҳ олди текширувидан ўтади.

Никоҳдан ажралишлар сони ёшлар орасида барқарор ўсиб бориб, 2015-2019 йилларда жами 29,3 мингтадан 31,4 мингтагача ошди. Оилавий ажралишларнинг сабаблари ўзаро шахсий муносабатлардаги келишмовчиликлар, бепуштлик, ногирон болалар туғилиши, эр ёки хотиннинг сурункали касаллиги билан ҳам боғлиқ.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги айрим камчиликлар, ёшларнинг тиббий маданияти даражаси етарли эмаслиги сабабли 2019 йилда 3357 нафар, 2020 йилнинг 6 ойи давомида 4075 нафар бир ёшгача гўдаклар ўлими қайд этилган. Бу ҳолатга ирсий касалликлар ҳамда яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ ҳам сабаб ҳисобланади.

Айнан шундай вазиятларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Шу мақсадда 2003 йил 23 августда ҳукуматнинг «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 365-сонли қарори қабул қилинган.