Тошкентда яшаётган поляк журналисти Агнешка Пикулицка-Вильчевска ўз мақоласида Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги тўрт йилда қилинган ижобий қадамларни қайд этиб, сўз эркинлиги бўйича Ўзбекистондаги ҳозирги вазиятга оид кузатувлари билан ўртоқлашган.
«Янги раҳбар фуқароларга ўз хавотирлари ва шикоятларини айтиш учун кўпроқ имконият берди. Олдин блокланган ижтимоий тармоқ платформалари ва хорижий сайтларга тўсиқлар олинди. Кўплаб блогерлар ва сайтлар пайдо бўлиб, мамлакатнинг бўшаб қолган медиа майдонини тўлдирди. Айниқса, ижтимоий тармоқлар куннинг ижтимоий-сиёсий масалаларини очиқ муҳокама қилиш учун майдонга айланди.
Аммо Мирзиёев ислоҳотларининг тўрт йили давомида, Ўзбекистонда сўз эркинлиги тўла таъминланди, деб бўлмайди. Президент бир неча бор ўз чиқишларида журналист ва блогерлар ҳокимиятдаги кишиларни эркин танқид қила олиши кераклиги ҳақида гапирган ва бу борада ижобий ўзгаришлар кўзга ташланган бўлса-да, Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича кўплаб рейтингларда ҳамон сўнгги поғоналарда қолмоқда.
«Чегара билмас мухбирлар»нинг 2020 йилги Жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 156-ўринда қайд этилган (мамлакат 2016 йилда 166-поғонада жойлашганди). Freedom House эса Ўзбекистонни эркинлик даражаси энг қуйи давлатлар қаторида санашда давом этмоқда: 2020 йилда Ўзбекистондаги эркинлик даражаси 100 баллдан 10 баллга баҳоланган (2017 йилда бу кўрсаткич 100 баллдан 3 балл бўлган).
Сентябр ойида, Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти иштирокида ўтказилган конференцияда, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мамлакатнинг халқаро рейтингларда паст ўринларда қолаётганига изоҳ берган эди.
«2017 йилдан 2020 йилгача Ўзбекистон рейтингда 13 поғонага юқорилади. Лекин муаммолар йўқми? Албатта, бор. Журналист ёки блогерда қўрқув йўқми? Албатта, бу ҳам бор. Акс ҳолда, натижа бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди.
Айрим шахслар цензураси, журналист ва блогерларнинг ўз-ўзини цензуралаши, ҳукумат расмийларининг таҳдиди ва босими – табиийки, бу омиллар ҳамон мавжуд ва биз бунга қарши курашяпмиз», – деди у.















