4 ноябр куни Тожикистон миллий банки валюта курси бўйича бир марталик нарх шакллантиришни амалга оширди. Оқибатда, миллий валюта сомони долларга нисбатан қарийб 10 фоизга қадрсизланди ва 1 доллар нархи 10,33 сомонидан 11,3 сомонигача кўтарилди. Ўша куни сомони нафақат долларга нисбатан, балки Россия рубли ва еврога нисбатан ҳам кескин қадрсизланди. Сомонининг рублга нисбатан расмий курси бир суткада 11,8 фоиз (0,127 дан 0,422 сомонигача), еврога нисбатан эса 9,2 фоиз (12,04 дан 13,15 сомонигача)га пасайди.

Шу тариқа, жорий йил бошидан буён Тожикистон миллий валютаси долларга нисбатан 16,6 фоизга қадрсизланди. 2019 йилда сомони долларга нисбатан атиги 2,8 фоизга қадрсизланган эди.

Тожикистон миллий банки янги нарх шакллантирилишини банклардаги расмий курс ва «қора бозор»даги нархлар ўртасида мавжуд бўлган сезиларли фарқни бартараф этиш зарурати билан изоҳлади. Шунингдек, мамлакат ташқи савдо айланмасининг салбий сальдоси, пандемия оқибатида хориждан пул ўтказмалари ва инвестициялар оқими пасайиши сабаб қилиб кўрсатилди.

Бундан ташқари, мазкур иш мамлакат банк тизими орқали пул оқимининг кўпайишига, чет элдан пул ўтказмаларини юборувчилар манфаатларини ҳимоя қилишга, пул операцияларининг шаффофлигини таъминлашга ва долларнинг банкдан ташқари айланишини камайтиришга имкон беради, деб изоҳланди.

Тожикистон миллий банки аслида расмий курсни белгилаш учун эталон сифатида «қора бозор»даги нархларни олади. 4 ноябргача расмий курс ва «қора бозор» курси ўртасидаги фарқ аллақачон 10 фоизга етган эди. Миллий банк ана шу 10 фоизлик фарқни йўқотиш учун долларнинг расмий курсини кўтаришга мажбур бўлди.

Янги курс шакллантирилганда, сомонининг долларга нисбатан расмий ва банкдан ташқари курси ўртасидаги (яъни «қора бозор»даги) фарқ 2 фоиздан ошмаслиги белгилаб қўйилди.

Тожикистон миллий банки жорий йил 20 мартда ҳам миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан янги нархини шакллантирган эди. Ўшанда миллий банк томонидан сомони сунъий қадрсизлантирилиб, расмий ва норасмий курс ўртасидаги фарқни йўқотиш учун доллар нархи 5 фоизга оширилганди.

«Қора бозор»
Бугун Тожикистонда валюта айирбошлашнинг «қора бозор» кўриниши жуда ривожланган. Бу бозорда фаолият олиб бораётган шахсларнинг асосий қисмини 2016 йилгача қонуний тарзда валюта айирбошлаш шохобчалари очиб ишлаган шахслар ташкил этади.

Тожикистонда 2016 йилгача жисмоний шахсларга ҳам қонуний рухсатнома асосида валюта айирбошлаш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилганди. Исталган шахс тегишли лицензия билан валюта айирбошлаш шохобчасини очиб фаолият кўрсатиши мумкин эди. Ўшанда Тожикистонда қонуний ва самарали ишлаган бундай шохобчаларнинг сони 1,5 мингдан ортиқ бўлган.