Хайрия учун мақола ёзиш жуда қийин. Сабаби кўмакка муҳтож инсоннинг бор дарди, шароитини сўз ва видеотасвирлар билан ўқувчига етказа олмасликдан хавотирга тушасан киши.
Таҳририятимизга Андижон шаҳри Жумабозор МФЙ Бирлик кўчасида яшовчи фуқаро Раънохон Ботировадан мурожаат келиб тушди. У айни дамда тадбиркорга тегишли омборхонанинг бир четидаги ташландиқ хонада жароҳат олиб, оёқ-қўли ишламай қолган ўғли билан яшаётганини баён қилган.


Биз айтилган манзилга етиб бориб, ўз кўзимиз билан кўрган ҳолатни сўз билан тасвирлаш жуда оғир. Чунки Раънохон она чиндан ҳам ташландиқ омборхона ичидаги каталакдек хонада ногирон ўғли билан яшаб келмоқда.
Ногирон ўғли Ҳаётбек дардини ичига ютганча жим ётибди. Мунг тўла кўзларини чанг босган шифтдан узмайди. Онаси унинг кулимсираб қарашини бир йилдан бери интиқлик билан кутади.
39 ёшли Ҳаётбек бундан бир йил олдин, аниқроғи 2019 йил 16 ноябр куни қурилишда ишлаётган пайтида баландликдан йиқилиб тушиб оғир жароҳат олган ва шу бўйи тўшакка михланиб қолган. Онаси бир амаллаб уни операция қилдирган. Ҳозирда баданида ётоқ яралари пайдо бўлгани учун Ҳаётбекнинг изтиробларига изтироб, онанинг дардига дард қўшилган.




“Ўғлим Турғунов Ҳаётбек 2019 йил 16 ноябрда ишхонасида ишлаётиб йиқилиб тушди. Шунда умуртқаси шикастланиб, нерв толаларига шикаст етди. Оёқ-қўли ишламай қолган. Операция қилинди. Мана, бир йилдан бери ётибди. Ҳалиям оёқ-қўли ишламай, оёқ болдирларида, бел қисмида, қўлида ётоқ яралари пайдо бўлиб, қийналиб, ҳеч тузалиб кетмаяпти.
















