Газета.uz нашри баёнотида АОКА томонидан йўлланган хатдан скриншот келтирилган бўлиб, унда сайт таҳририяти келажакда текширилмаган маълумотлар эълон қилинган тақдирда «жиддий ҳуқуқий оқибатлар» келиб чиқиши огоҳлантирилган, хат агентлик директори Асаджон Ходжаев томонидан имзоланган.

Нашр ушбу огоҳлантиришга сабаб бўлган материали бўйича қисқача изоҳ берган.
«Огоҳлантириш 17 ноябр куни президент матбуот хизмати хабари асосида ёзилган «Президент поручил оптимизировать COVID-больницы» хабарига тегишли (хат рус тилидаги хабар бўйича берилган. Ўзбек тилида ушбу хабар: «Президент COVID-19 касалхоналарини оптимизация қилиш бўйича топшириқ берди»). Президент матбуот хизмати хабарида қуйидаги матн мавжуд: «Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 89та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган. Ҳозирда ушбу ўринларда 6 минг 570 нафар бемор даволанмоқда… Шу муносабат билан, мутасаддиларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганиб, уларни оптимизация қилиш топшириғи берилди».
Келтирилган матнда коронавирус беморлари ва коронавирус билан касалланганлар учун мўлжалланган шифохоналар тўғрисида аниқ айтилган. Шу боис, «Газета.uz» ушбу хабарни беришда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўша куни кечки вақтда берган статистик маълумотига кўра, мамлакатда 2123 нафар коронавирус бемори даволанаётганига эътибор қаратди. Хабарни эълон қилишдан олдин таҳририят ССВга муносабат сўраб мурожаат қилди, лекин тезкор жавоб ололмади», дейилади нашр маълумотида.
Кўп ўтмай ССВ ушбу ҳолатга изоҳ бериб, 6570 нафар бемор ичида баъзи белгилари мавжуд бўлиб, касалликда гумон қилинган, лекин вирус тасдиқланмагани, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлар борлигини маълум қилган. Сайтда вазирлик изоҳи ҳам эълон қилинган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хатида «тўла текширилмаган маълумот асосида эълон қилинган хабар ва унинг кетидан билдирилган муносабат жамоатчиликда нотўғри фикрга олиб келгани» қайд этилган.
«Бу эса, ўз навбатида, мамлакат ҳукумати томонидан ушбу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга нисбатан салбий фикр-мулоҳазалар уйғонишига сабаб бўлиши мумкин» (агентлик томонидан бу сўзларнинг тагига чизилган), дея қўшимча қилинади хатда.
Газета.uz масалани бундай баён қилишни бўрттириш деб ҳисоблаши, огоҳлантириш хатига эса таҳририятни «ноқулай» саволлар беришни тўхтатишга мажбур қилиш бўйича кескин жавоб деб қарашини билдирган.














