Ўзбекистон | 08:39 / 26.11.2020
2648
3 дақиқада ўқилади

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш учун берилган лицензиялар хатловдан ўтказилади

Янгича ечимларни ишлаб чиқиш орқали ер қаъридан фойдаланишни мониторинг қилиш ва ҳисобини юритишнинг замонавий тизимини яратиш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Норуда фойдали қазилмалардан фойдаланишни мониторинг қилиш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда ер қаъри участкаларидан фойдаланиш учун берилган лицензиялар шунингдек, самарасиз ва ноқонуний фойдаланилаётган конларни хатловдан ўтказади.

Белгилаб қўйилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан норуда фойдали қазилмаларнинг ҳаракати тўғрисидаги баланс ҳисоботи давлат солиқ органларига реал вақт режимида кузатиб бориш ҳуқуқини берган ҳолда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига тақдим этилади.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:

  • ер қаъридан фойдаланувчиларига норуда фойдали қазилмаларнинг ҳаракати тўғрисидаги баланс ҳисоботини электрон кўринишда тақдим этиш имкониятини яратишни;
  • реал вақт режимида идоралараро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш учун ўз маълумотлар базасини интеграция қилишни таъминлайди.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 1 январдан бошлаб норуда фойдали қазилмалар қазиб олинадиган ҳажмлари ва кавлаб олинадиган жойдаги уларнинг захиралари тўғрисидаги маълумотларни шакллантиришни назарда тутувчи “Электрон тарози” ахборот тизимини яратиш ва жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Белгиланишича, 2021 йил 1 июлдан бошлаб “Электрон тарози” ахборот тизимидан фойдаланиш барча ер қаъридан фойдаланувчилар учун мажбурий ҳисобланиб, мазкур тизимдан фойдаланмаган ҳолда норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш (сотиш) солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб тан олинади.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:

  • “Электрон тарози” ахборот тизимидан фойдаланиш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқади;
  • “Электрон тарози” ахборот тизимидан фойдаланмаганлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари миқдорида жарима тарзидаги жавобгарлик белгилаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид