Ўзбекистон | 16:25 / 27.11.2020
6437
4 дақиқада ўқилади

Сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш кечикаётганига изоҳ берилди

«Ўзсувтаъминот» ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш кечикаётгани сабабларини келтирди. Ташкилот ходимлар танқислиги, лабораториялар етишмаслиги, баъзи ҳудудларда уларнинг таъминотчи корхонадан узоқ масофада жойлашгани каби омилларни санаб ўтган.

Ичимлик сувини ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш хизматлари бўйича сусткашликлар кузатилаётгани ҳақида истеъмолчилардан кўп сонли мурожаатлар келиб тушмоқда. «Ўзсувтаъминот» AЖ бу борада тушунтириш берди.

«Маълумки, 2019 йил 20 августда Вазирлар Маҳкамасининг «Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Мазкур қарор кучга киргандан буён ичимлик суви ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун жами 76 мингдан зиёд мурожаат давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинган бўлса, бугунгача улардан 32 мингдан зиёди ёки 42 фоизи қаноатлантирилган. Ваҳоланки, ушбу кўрсаткичга ҳам «Ўзсувтаъминот» AЖнинг ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг бор имкониятларини ишга солиш ҳисобига эришилмоқда. Мурожаатларнинг ўз вақтида қаноатлантирилишида кечикишлар юзага келаётганига эса қуйидаги сабаблар бор.

Бугунги кунда сув таъминоти корхоналарининг республика бўйича жами филиаллар сони 199 тани ташкил этади. Aгар Тошкент шаҳри мисолида олинса, бевосита сувни ҳисобга олиш ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатишга тегишли ваколати (сертификати) бор ходимларимиз сони 20 нафарни ёки ҳисоблагич ўрнатилган ҳар 31962 нафар абонентимизга 1 нафарни ташкил этади. Бошқа ҳудудларда ҳам айни йўналишда фаолият олиб бораётган ходимларимиз сони етарли даражада эмас.

Ушбу ходимларимиз «Ўзстандарт» агентлигининг республикамиз бўйлаб 17 та бўлими ва чекка ҳудудлардаги 43 та метрологик хизмат кўрсатиш марказлари билан ишлайди. Кўриниб турибдики, ҳозирда ходимлар танқислиги, лабораториялар етишмаслиги, баъзи ҳудудларда уларнинг таъминотчи корхонадан узоқ масофада жойлашгани хизматларни кўрсатишда кузатилаётган кечикишларга олиб келмоқда.

Табиий савол туғилади: ходимлар сонини кўпайтиришга нима халақит беради? Жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Aмалдаги тартибга мувофиқ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш учун жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи (44 600 сўм), юридик шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари (334 500 сўм) миқдорида йиғим ундирилади ва мазкур хизматга алоқадор ташкилотлар кесимида тақсимланади.

Жумладан, таъминотчи корхона мисолида олинса, ҳар бир ускуна учун йиғимдан жисмоний шахслар бўйича 8920 сўм, юридик шахслар бўйича 66 900 сўм ҳудудий сув таъминоти корхоналарига келиб тушмоқда. Aмалда эса ушбу хизматлар харажатлари 3–4 баравар қимматга айланмоқда. Хусусан, ускунани ечиш, ўрнатиш ишлари, йўл ва бошқа харажатлар миқдори жисмоний шахслар учун 43 551 сўм, юридик шахслар учун эса ҳисоблагичларнинг ўлчамига қараб 90 747 сўмдан 240246 сўмгача ташкил қилмоқда.

Бу вазиятда таъминотчи корхоналар иқтисодий зарарга кириб, харажатларни қоплаш мақсадида меҳнат ресурсларини қисқартиришга мажбур бўлмоқда. Aммо бу сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишда юзага келаётган кечикишлар бартараф этилмайди, дегани эмас. Бугунги кунда сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишда давлат хизматларини кўрсатиш тартибларини такомиллаштириш бўйича «Ўзсувтаъминот» AЖ томонидан тегишли ҳисоб-китоблар ва таклифлар тайёрланмоқда. Шунингдек, ҳудудий сув таъминоти корхоналари тасарруфида метрологик хизмат кўрсатиш лабораторияларини ташкил этиш орқали хизмат кўрсатиш муддатларини қисқартириш масаласи ҳам ўрганилмоқда», – дейилади «Ўзсувтаъминот» AЖ ахборотида.

Мавзуга оид