Ўзбекистон | 09:01 / 28.11.2020
8041
2 дақиқада ўқилади

Себзор–Юнусобод йўли қачон эпақага келади?

Аҳмад Дониш кўчаси – Тошкент шаҳрининг жанубий ва шимолий қисмларини боғлаб турувчи асосий трассанинг бир қисми.

Аксарият вилоятлардан пойтахтга кириб келувчи автомобиллар Бунёдкор, Фурқат, Себзор ва Аҳмад Дониш дея номларга бўлинган марказий кўча орқали дастлаб шаҳар марказига, ундан ўтиб Юнусобод туманига кириб келади.

Йўлнинг айниқса юнусободликлар учун аҳамияти катта. Аммо туман аҳолиси мана неча йилдирки, трассанинг Себзор даҳасидан ўтган қисмида сифатли йўлга ёлчимаяпти. Бу ердаги иккита йирик эстакада узоқ вақтдан буён таъмирталаб аҳволда қолмоқда.

Ўтган йили йўлнинг бир томонидаги пиёдалар йўлаги таъмирланган эди. Бу йил эса иккинчи томондаги йўлак таъмирланмоқда. Бу сафар ҳам ишлар чўзилиб кетди: Себзордан Юнусободга кетиш йўлининг бир қисми йил бошида (!) ёпилганди, у қачон очилиши номаълум.

Kun.uz масала юзасидан маълумот олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев билан боғланди. Маҳмудхўжаев йўлнинг бу қисми таъмири бўйича бир неча кун ичида маълумот тақдим этилишини билдирди.

Пойтахт, айниқса Юнусобод тумани аҳолисидан келиб тушаётган мурожаатлар боис, Kun.uz мухбири Аҳмад Дониш кўчасининг ушбу қисмидаги муаммолар юзасидан видеолавҳа тайёрлади.

Лавҳа билан сайтнинг YouTube'даги саҳифаси ёки юқоридаги видео орқали танишинг.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид