Танасининг 15 фоизи куйган аёл айни пайтда шифохонада. Аҳволи ўртача оғир экани айтилмоқда.

Воқеа 30 ноябр, душанба куни соат 13:20лар атрофида рўй берган. Ҳодисада турмуш ўртоғининг ҳам фаол иштироки борлиги айтилмоқда. Аёл воқеадан олдин вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари қабулида бўлган.

Бош прокуратура ахборотига кўра, ушбу фуқаро тергов органининг ваколатига кирмайдиган чора кўришни сўраган.

Воқеа оиладаги бошқа бир суицид билан боғлиқ

Бош прокуратура маълумотига кўра, воқеалар ривожи шу йилнинг 24 июлига бориб тақалади. Ўша куни кеч соат 23:00ларда Марҳамат тумани Тош йўли МФЙ Садоқат кўчасида яшовчи 21 ёшли Н.М., севган йигитини кутиб турган вояга етмаган қиз Т.М.ни телефонига суратга олган. Шундан сўнг Н.М. бу суратларни қизнинг ота-онаси ва профилактика инспекторига кўрсатишини айтган.

Бундан қўрққан Т.М. ўзини осиб, жонига қасд қилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳозирда давом этмоқда.

Терговдан норози она

Марҳум қизнинг онаси С.Б. олиб борилаётган тергов ҳаракатларидан норози бўлиб, 30 ноябр куни соат 12:15ларда Андижон вилоят прокуратурасига келган ва вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Ф.Раҳмонов қабулида бўлган.

«У қабул жараёнида терговчи томонидан уларнинг талаблари бажарилмасдан, унинг фикрича қизининг вафотига айбдор бўлган Н.М.дан етказилган зарар ҳисобига «Спарк» автомашинаси ундирилмаётганидан норозилигини билдирган.

Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Ф.Раҳмонов қабул жараёнида жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётгани, «Спарк» автомашинасини ундириш тергов органларининг ваколатига кирмаслиги, тергов якуни бўйича барча айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини тушунтирган», – дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Аёлни суицидга эри ундагани айтилди

Олинган жавобдан қониқиш ҳосил қилмаган аёл «Спарк» машинаси ундирилмаган тақдирда, ўзига ўт ёқиб, жонига қасд қилишини билдирган ва вилоят прокуратурасини тарк этган. Вазият кескинлашуви ва бошқа ҳолатларнинг олдини олиш учун Андижон вилоят ИИБ пост-патрул хизмати ходимлари вилоят прокуратурасига чақирилган.