Мамлакатдаги барча йўлларни сифатли кўринишга келтириш, уларни жаҳон андозаси даражасида таъмирлаш ва янги йўлларни қуриш осон иш эмас. Бунинг учун жуда катта маблағ керак бўлади. Шу туфайли аксарият ҳолларда таъмирталаб йўлларнинг муаммоси ҳақида гап кетганда йўлсозлар маблағ тақчиллигини сабаб қилиб кўрсатишади. Гап маблағ тақчиллигига бориб тақалар экан, унда йўлларни хусусийлаштиришдан ёки хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда ҳозир мавжуд бўлган йўлларга муқобил тарзда пуллик йўллар қуришдан бизни нима қайтариб турибди?

Албатта, «пуллик йўллар» деганда кимлардир «энди йўлга ҳам пул тўлаб юрамизми?» деб ажабланиши, кимларгадир йўлларда пул тўлаб ҳаракатланиш эриш туюлиши ёки ёқмаслиги мумкин. Аммо бир нарсани тушуниб етишимиз керак, бугун оддий одамларга автомобил сотиб олиш ҳам, сифатсиз ва носоз йўлларда юриш оқибатида ишдан чиққан эҳтиёт қисмларни «фалон пулга» алмаштириш ҳам осон бўлмаяпти.

Қолаверса, носоз йўллар туфайли фожиалар юз бериб, одамлар ҳалок бўлмоқда. Кимдир соғлигини йўқотиб, бир умрга ногирон бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, носоз йўлларда ҳаракатланиш ҳайдовчиларнинг асабини емириб юборади. Бир сўз билан айтганда, сифатсиз ва носоз йўллар ҳайдовчилар учун ҳам, йўловчилар учун ҳам шунчаки умр заволи.

1-ҳодиса. 2020 йилнинг 23 октябр куни «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўлининг Ургут тумани «Аълохотин» маҳалласидан ўтувчи қисмида йўл транспорт ҳодисаси рўй беради. 24 ёшли йигит «Damas» автомашинасини бошқариб бораётиб мотоциклда ҳаракатланиб кетаётган, шу туманнинг «Алгар» маҳалласида яшовчи 61 ёшли эркак кишини уриб юборади. Оқибатда мотоциклчи оғир жароҳат олиб, туман тиббиёт бирлашмасида вафот этади. Қайд этилишича, мазкур ЙТҲга йўл носозлиги сабаб бўлган.

2-ҳодиса. 2020 йилнинг 18 сентябр куни, кеч соат 20:30ларда «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўлининг Ургут туман «Аълохотин» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида ЙТҲ содир бўлади. Туманнинг «Юқори тегана» маҳалласида яшовчи 21 ёшли йигит ўзи бошқарувидаги «ВАЗ 2106» автомашинаси билан велосипедда ҳаракатланиб кетаётган синфдошини уриб юборади. Оқибатда велосипеддаги йигит оғир тан жароҳати олиб вафот этади.