Ўзбекистон | 10:28 / 01.12.2020
4697
2 дақиқада ўқилади

Янгийўлда содир бўлган газ портлаши ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Тошкент вилоят прокуратураси Янгийўл туманидаги хонадонда содир бўлган газ портлаши ҳолати юзасидан расмий баёнот берди.

2020 йил 30 ноябр куни соат 07:42ларда Янгийўл тумани, Қирариқ МФЙ, Истиқлол кўчаси, 80-уйнинг ер остидан ўтган юқори босимли газ қувуридан сизиб чиққан ис гази хонадонга тарқалиб, ҳаво аралашмаси билан қўшилиб, хонадон электр чироғини ёқилиши натижасида портлаш содир бўлган. 

Оқибатда, шу хонадонда яшовчи С.И. ва унинг вояга етмаган ўғли Р.Р. воқеа жойида вафот этган, турмуш ўртоғи Ф.И. ва вояга етмаган қизи С.И. турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми, а,б бандлари билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якуни бўйича барча дахлдор шахслар доираси қамраб олиниб, жавобгарлик масаласи ҳал қилиниши Тошкент вилоят прокуратураси томонидан назоратга олингани айтилади.

Воқеа жойига вилоят ва туман сектор ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари жалб қилиниб, вилоят сектор раҳбарлари бошчилигида кўрилган зарар ўрнини қоплаш, моддий ва маънавий кўмак бериш бўйича аниқ режа асосида ишлар ташкиллаштирилган ва компенсация қоплаб берилиши таъминланади, дейилади маълумотда.

Бундан олдин, Янгийўлда газ портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди

Мавзуга оид