Иқтисодиёт | 18:04 / 09.12.2020
2740
2 дақиқада ўқилади

Давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

“Давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. 

Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарида айтилишича, қарорга мувофиқ давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими такомиллаштирилади

Жумладан:

корхона фаолияти самарадорлигини баҳоловчи асосий кўрсаткичларга қўшимча тарзда соф тушум ва соф фойда прогнози, таннархни камайтириш, чет эл валютасига бўлган мустақиллик, маҳаллийлаштириш ва инвестиция дастурларининг ҳамда экспорт ҳажмининг бажарилиши, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш ва энергия самарадорлиги каби муҳим кўрсаткичлар (СМК) жорий этилади;

СМКнинг салмоқ ўлчовлари қатъий белгиланади;

СМК натижалари агентлик веб-сайтида жойлаштирилмаган ёки "қониқарсиз" ёхуд "паст" бўлганда ижро органи рағбатлантирилмайди;

СМК "юқори" бўлган корхона ва банклар раҳбарларига йил якуни бўйича соф фойдадан 5 фоизгача бўлган миқдорда бир марталик бонус берилиши мумкин;
     
молиявий ҳисоботларни шакллантириш ва топшириш муддатидан қатъий назар, давлат иштирокидаги корхоналар ҳар чоракда СМКни ҳисоблайди ва эълон қилади.
    
Икки ой муддатда энергия сиғими ва энергия самарадорлигига оид бошқа индикаторлар ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

2021 йил 1 февралга қадар давлат иштирокидаги корхоналарнинг иқтисодиётдаги улушини, уларнинг ЯИМ, экспорт ҳажмлари, асосий капиталга инвестициялар шаклланиши, ишлаб чиқаришдаги ва аҳоли бандлигидаги улушларини ҳисоблаш тизими йўлга қўйилади.

2021 йил 1 мартга қадар давлат иштирокидаги корхоналар томонидан илғор халқаро тажриба ва стандартлар асосида корхона фаолияти давомийлигини (business continuity) таъминлашга қаратилган ҳужжатлар ва кўрсаткичлар ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид