14:11 / 09.12.2020
7608

Танзила Норбоева раҳбарлигида алимент тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 9 декабр куни Адлия вазирлигида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева раҳбарлигида оила қонунчилигини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. 

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Йиғилиш давомида оилавий ажримларнинг олдини олиш, фарзанд таълим-тарбиясида ота-она масъулиятини ошириш, алимент тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинди.

Ёшларнинг мустақил ҳаётга моддий ва руҳий томондан тайёр бўлмасдан оила қуриши, бепуштлик, ёшларнинг репродуктив саломатлигидаги муаммолар, эр-хотиннинг оилавий масалаларда ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини турли шахслар томонидан чеклаш кабилар оилавий ажримларнинг асосий сабаблари сифатида кўрсатилди.

 

Шунингдек, алимент тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича фикр алмашилиб, алимент ундиришдан асосий мақсад ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ажралишнинг салбий оқибатларини камайтириш эканлиги таъкидланди.

Йиғилиш давомида адлия вазири Русланбек Давлетов алимент тўлаш амалиёти бўйича жорий ҳолат ҳамда ушбу масала бўйича хорижий давлатлар тажрибасини таҳлилий қиёслаб, соҳани такомиллаштириш бўйича бир қанча таклифларни илгари сурди.

Йиғилиш натижаларига кўра, соҳа мутахассислари томонидан оилага тайёрлов курсларини бепул асосда жорий этиш, никоҳланувчи шахсларни бепул асосда репродуктив саломатлиги юзасидан тиббий кўрикдан ўтказиш, алимент тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ масалаларни тарафлар ажрашиш ҳақида судга мурожаат қилган пайтда ҳал қилиш, алимент тўлашдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан янги самарали таъсир чораларини қўллаш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Top