Ўзбекистон | 18:11 / 11.12.2020
28584
3 дақиқада ўқилади

Гулжаҳон Йўлдошева иши: Коронавирусдан вафот этган бемор масаласида кўрсатмалар тингланди

Суднинг навбатдаги мажлисида коронавирусдан вафот этган бемор бўйича судланувчилар кўрсатма беришди. Улар марҳум Фаррух Рустамовнинг бошқа шифохонага кўчирилишида Йўлдошеванинг тўғридан тўғри аралашуви бўлмаганини айтишмоқда.

10 декабр куни Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга нисбатан суд жараёнлари давом эттирилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Жараёнда COVID-19дан даволанаётиб вафот этган беморнинг бошқа шифохонага кўчирилиши билан боғлиқ вазият юзасидан судланувчилар кўрсатма беришди.

Судда Йўлдошева ўз кўрсатмаларини рус тилида баён қилмоқчи бўлди. Лекин иш ҳужжатлари ўзбек тилида бўлгани сабабли судда қатнашувчиларга тушунарли бўлиши учун Йўлдошеванинг кўрсатмаси кейинги суд мажлисига қолдирилди. Навбатдаги суд мажлисида Йўлдошева ўз кўрсатмаларини таржимон ёрдамида баён қилади.

Гулжаҳон Йўлдошева 

Шундан сўнг судланувчи – Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси инфекционист шифокори Шейхназар Рўзметов ва шу шифохона реаниматологи Жаҳонгир Зиёдуллаев коронавирусга чалинган бемор ўлими ҳамда унда Йўлдошеванинг иштироки бўйича ўз кўрсатмаларини беришди.

Шейхназар Рўзметов

Шейхназар Рўзметов айбига қисман иқрорлигини айтиб, беморнинг диспансерга ўтказилиши тўғрисида рухсат борлигини юқумли касалликлар шифохонасидан Жаҳонгир Зиёдуллаев ва Aкмал Aъзамов, диспансердан эса бош шифокор ўринбосари Фахриддин Ёрбозоровлар орқали билганини таъкидлади.

Шунингдек, Шейхназар Рўзметов марҳум Рустамовнинг касаллик тарихидан кўчирма ёзиб берганини, марҳумни бошқа шифохонага ўтказилишида Йўлдошевадан тўғридан тўғри буйруқ олмаганини ҳам айтиб ўтди.

Шундан сўнг карантин даврида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида реаниматолог бўлиб ишлаган, марҳум Рустамовга қараган Жаҳонгир Зиёдуллаевнинг кўрсатмалари тингланди.

Жаҳонгир Зиёдуллаев

Унинг айтишича, марҳум Рустамовнинг аҳволи ёмонлашган, лекин шифохонада доимий равишда психиатр етишмаган. Унинг қўшимча қилишича, марҳумнинг диспансерга ўтказилиши бўйича руҳий-асаб касалликлари бош шифокори билан телефон орқали гаплашиб олган. Aммо у марҳумнинг бошқа шифохонага кўчирилиш вақтида касалхонада бўлмагани ва бу жараёнда қатнашмаганини таъкидлади.

Суд иши 14 декабр куни соат 11:00га қадар танаффус эълон қилди.

Навбатдаги суд мажлисида Гулжаҳон Йўлдошеванинг коронавирусга чалинган бемор (марҳум) Рустамовнинг бошқа шифохонага кўчирилишига доир вазият бўйича кўрсатмалари тингланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид