07:59 / 12.12.2020
9543

БМТ бош котиби 80 йил ичидаги энг кучли рецессия ҳақида огоҳлантирди

Гутерриш мамлакатларни пандемияга нисбатан тартибсиз реакция учун танқид қилиб, улар энг зарур нарсаларни етказиб бериш учун рақобатлашганини таъкидлади ва вакциналарни тарқатишда бундай ҳолатларнинг олдини олишга чақирди.

Фото: Global Look Press

Коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий таъсири жуда катта ва кўпайишда давом этмоқда, дунё 80 йил ичидаги энг катта иқтисодий пасайишга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Нобел мукофоти форумида маълум қилди

«Биз сўнгги саксон йил ичидаги энг кучли глобал рецессия олдида турибмиз. Ўта қашшоқлик ва очарчилик таҳдиди кучаймоқда», - дея огоҳлантирди у. Бу ҳолатга «пандемия туфайли яққол кўринган жамиятдаги тенгсизлик ҳамда адолатсизлик» сабаб бўлган. 

Гутерришнинг таъкидлашича, ҳеч қандай эмлаш етказилган зарарни бартараф эта олмайди. БМТ бош котиби содир бўлаётган воқеаларни глобал таҳдид деб атаб, унга қарши мамлакатлар биргаликда жавоб ишлаб чиқмагани, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эса инфекцияга қарши курашиш учун барча керакли маълумотларни тақдим этганини билдирди. 

Пандемияга реакция тарқоқ ва тартибсиз бўлди, деди Гутерриш. «Мамлакатлар, минтақалар ва ҳатто шаҳарлар бир-бири билан энг зарур буюмларни етказиб бериш ва илғор тиббий хизматлар учун рақобатлашди», - деди у ва COVID-19’га қарши вакциналарни тарқатишда вазият такрорланишининг олдини олишга чақирди. 

Декабр ойи бошида АҚШ Миллий иқтисодий тадқиқотлар бюроси (NBER) пандемиянинг глобаллашув ва савдога таъсири тўғрисида ҳисобот тақдим этди. Тадқиқот муаллифи, Ҳарвард университетида иқтисод профессори Пол Антраснинг таъкидлашича, COVID-19 бир хил бўлмаган зарар етказган. Яъни, аҳолининг кам таъминланган қисми энг кўп жабр кўрди, бу эса савдода очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлашни сусайтириши мумкин, деди у.

Top