
Қайд этилишича, 205 млрд сўмлик бу лойиҳа замонавийлиги ва самарадорлиги билан етакчи ҳисобланади.
«Мажмуага кириб келишингиз билан қишлоқ хўжалиги ва инновациянинг уйғунлашуви сезилиб туради. Умумий лойиҳанинг 7 гектар иссиқхона қурилиши режалаштирилган дастлабки босқичи 2020 йил феврал ойида якунланиб, маҳсулот етиштириш ва экспортга чиқариш бошланган», - дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Умумий қиймати 205,1 млрд сўм бўлган лойиҳани амалга оширишда 5 млрд сўм банк кредити, 10,9 млн евро хорижий кредит, 2 млн евро тадбиркорларнинг ўз маблағлари жалб қилинган.
Айни пайтда бу йирик лойиҳанинг иккинчи босқичи давом этмоқда ва 2021 йилнинг декабр ойида якунланиши режалаштирилган.



Нидерландиянинг бу технологиясини Ўзбекистонда жорий қилаётган компания вакили Ботир Cолиев қуйидагича маълумот берди:
– Бу технология ва ҳосилдор навлар ёрдамида гектаридан 700 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Помидор кўчатларининг узунлиги 15 метргача етади ва улар 10 ой давомида узлуксиз ҳосил бериб туради. Битта кўчатдан 25-27 килограммгача помидор олинади. Кўчатлар махсус асаларилар ёрдамида чангланади ва бу ҳам маҳсулот табиийлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Ҳар куни ўртача 10 тонна тайёр маҳсулот олинади ва асосий қисми экспорт қилинади.


Маълум бўлишича, бугунги кунга қадар 425 тонна помидор, 1000 тонна бодринг маҳсулотлари етиштирилиб, ички ва ташқи бозорга чиқарилган.




















