Жаҳон | 14:12 / 15.12.2020
5771
2 дақиқада ўқилади

Туркияда 31 декабрдан комендантлик соати жорий этилмоқда

У 4 январга қадар давом этади.

Фото: AP /Burhan Ozbilici

Туркия ҳукумати коронавирусга қарши кураш доирасида 31 декабрдан 4 январгача бўлган вақтга комендантлик соати жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда душанба куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарада тўрт соатлик ҳукумат йиғилишидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Биз ҳозирнинг ўзида аввалроқ жорий этилган чекловлар натижаларини кўришни бошладик. 31 декабр куни соат 21:00дан 4 январ куни соат 05:00гача комендантлик соати жорий этилмоқда», - деди у.

30 ноябр куни Эрдўған Туркияда иш ва дам олиш кунлари соат 21:00дан 05:00гача комендантлик соати жорий этилишини маълум қилди. Бундан ташқари, республикада озиқ-овқат дўконлари ва савдо марказларига ташриф буюрувчилар сони чекланган. Ўз навбатида, савдо марказларига киргандан сўнг, одамлар бу ерда «соғлиқни сақлаш кодлари» деб номланган QR кодни кўрсатиши шарт.

Туркияда коронавируснинг дастлабки ҳолати 10 март куни Европадан қайтиб келган фуқарода аниқланди. Мамлакатда инфекция юқтириб олганларнинг умумий сони ҳозирги кунга қадар 1,8 миллион кишидан ошди, 16 417 киши вафот этди ва 1,6 миллион фуқаро соғайиб кетди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид