Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилиши мумкин:
давлат халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш;
низоларни судгача муқобил ҳал қилиш механизми сифатида медиация институтида самарали фаолият юритадиган медиаторларни тайёрлаш;
тингловчиларнинг интеллектуал мулк соҳасига оид касбий билим ва кўникмаларни ошириш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш;
ёш адвокатларнинг танлов орқали етакчи хорижий юридик компанияларда стажировка ўташини ташкил этиш.
Белгиланишича:
а) 2030 йил 1 январдан бошлаб давлат халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Марказда педагогик қайта тайёрлаш курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги диплом олган олий маълумотли шахслар дарс бериш ҳуқуқига эга бўлади;
б) олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатиб, белгиланган намунадаги диплом олган шахслар тегишли мутахассислик бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг юридик хизмати билан бир қаторда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ҳамда давлат хизматлари марказларида ишлаш ҳуқуқига эга бўлади;
в) тадбиркорлар, давлат органлари ва ташкилотлар вакиллари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларини интеллектуал мулкни яратиш ва ҳимоя қилиш асослари, тижоратлаштириш, брендинг ва маркетингга ўқитиш Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) ва бошқа олий таълим муассасалари юридик факультетларида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш орқали ТДЮУ кенгаши томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади;
г) қарорда назарда тутилган ўқув курслари бевосита, масофавий (ишдан ажралмаган ҳолда) ёки бошқа шаклларда ташкил этилиши мумкин.
Адлия вазирлигининг Адвокатлар палатаси билан биргаликда ёш адвокатларнинг танлов орқали етакчи хорижий юридик компанияларда стажировка ўташини ташкил этиш учун давлат грантларини ажратиш ҳақидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.















