Kun.uz мухбири хабар беришича, Старр нафақат маҳаллий, балки умумбашарий аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон маданий бойликларига нисбатан маҳаллий амалдорлар томонидан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш ҳолатлари учраб туришини танқид қилган.
«Ўзбекистонга келган одам унинг ўзига хос маданий мероси, архитектураси, Бухоро, Самарқанд, Хива ва бошқа шаҳарлардаги буюк ёдгорликлар орқали мамлакатнинг шарафли тарихига тушгандек бўлади.
Аммо сўнгги бир неча ўн йилликда мамлакатда архитектура ёдгорликларининг нотўғри, саводсизларча реставрация қилиниш ҳолатлари кузатилмоқда. Маҳаллий амалдорларнинг маданий ёдгорликларга ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш ҳолатлари кузатилади.
Бу хато реставрациялар архитектура бўйича замонавий билимларга таянилган ҳолда қайта амалга оширилиши лозим. Қурилиш тошининг мавжуд эмаслиги боис Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида қадимги қурувчилар хом ғиштдан фойдаланишган. Аммо бу материалдан қилинган кўплаб конструкциялар асрлар давомида чўкиб қолган. Археологлар чўкиб бораётган бу ёдгорликларнинг айримларини кавлаб олишганда, уларнинг жаҳон архитектураси дурдоналари эканлигига гувоҳ бўлишган. Булар Ўзбекистоннинг ер остидаги Парфенонларидир», деди тарихчи «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» мавзусидаги IV халқаро конгрессда.
Фредерик Старр архитектура ёдгорликларини виртуал реконструкция қилиш таклифи билан чиқди.
«Биз бугун Шаҳрисабзда Темур саройини тиклаш ҳақида фақатгина орзу қилишимиз мумкин, чунки тиклаш харажатлари мислсиз даражада катта. Аммо виртуал реставрация музей коллекцияларини, туризмни бойитишда сезиларли рол ўйнайди. Бу келгуси авлоднинг йўқотилган ўтмиш билан танишишига имкон яратади. Шунингдек, виртуал реставрация жаҳон архитектураси ўтмишини қайта ёзиш, аллақачон бу заминдан йўқолиб кетган қурилиш санъатини тиклашга ёрдам беради», деди Старр.
Бундан ташқари, эксперт тарихий маҳаллаларни ўз ҳолатида сақлаб қолиш, уларнинг каталогини тузиш таклифини илгари сурган.
«Бухоро ва Самарқанднинг қадимги қисмида аҳоли уйлари, ҳатто тўлиқ маҳаллалар ҳам йирик обидалардан кўра кўпроқ қизиқиш уйғотиши мумкин. Бу уйлар ва маҳаллаларни ҳозирги ҳолатида нафақат интерьер, балки экстерьер сифатида фойдаланиш керак. Тарихий маҳаллалар каталогини тузиш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистондаги тарихий туманларни сақлашга қаратилган қонунлар яратилиши керак. Шунингдек, тарихий меросни асраш бўйича фаол фуқаролик ҳаракати вужудга келиши, улар қонунларнинг ишлашини талаб қилиши лозим.

















