Яккабоғ тумани Маданият маҳалла фуқаролар йиғини Қўтонбой қишлоғида жойлашган 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқаси аукционга чиқарилиб, сотиб юборилган. Маълум бўлишича бу жой йўлнинг хавфсизлик минтақаси (қизил чизиққача бўлган масофа) доирасига киради. Қолаверса, агар бу жойда қурилиш қилинадиган бўлса, унда мактаб олдидаги пиёдалар йўлакчаси ўрни тўсилиб қолади.

Kun.uz`га навбатдаги мурожаат Яккабоғ туман «Маданият» МФЙ, Қўтонбой қишлоғи аҳолисидан йўлланди. Унда маълум қилинишича, туман мутасаддилари томонидан шу қишлоқда жойлашган 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасидаги жой қонунга зид тарзда аукционда сотиб юборилган. 

«Тадбиркорга сотиб юборилган ер мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасидаги пиёдалар йўлакчасининг ўрни ҳисобланади. Агар мазкур ерни сотиб олган тадбиркор қурилиш қилса, кейин нафақат мактаб ўқувчилари, балки бу ердан ўтиб қайтаётган қишлоқ аҳли ҳам кўчадан юришга мажбур бўлади. Бундан ташқари, мазкур ер йўлнинг қизил чизиғида жойлашган», — дейилади мурожаатда.

Мазкур мурожаат юзасидан энг аввал туман йўллардан фойдаланиш корхонаси раҳбари Қаҳрамон Маҳкамовдан изоҳ сўрадик ва 51-мактаб олдидаги йўл ҳамда унинг ҳимоя ҳудуди ҳақида маълумот олдик. Унинг маълум қилишича, 51-мактаб ёнидан ўтган йўл ички хўжалик йўли сифатида 5-тоифага киради. Вазирлар Маҳкамасининг 342-қарорига кўра бундай тоифадаги йўлларнинг ҳимоя майдони (қизил чизиқ) йўл ўртасидан ҳисобланганда 15 метр бўлиши белгиланган. Мурожаатчилар эса йўлнинг ўртасидан мактаб ҳудудини ўраб турган панжарагача 15 метр чиқмаслигини маълум қилишган.

51-мактаб ҳудудига туташ йўл ёқасидаги жой қайси ташкилот томонидан аукционга чиқарилгани хусусида суриштирувни давом эттириб, Вилоят «Ермулккадастр» Д.К. Яккабоғ филиали раҳбари Уйғун Турдиев билан боғландик.

Унинг айтишича аукционга чиқариладиган ер майдонлари ҳақида туман кадастр бўлими томонидан таклиф берилади. Ўндан ортиқ тегишли соҳа мутахассислари унга ўз хулосасини беради ва шундан сўнг ер аукционга чиқарилади. Мабодо битта ташкилот рад этиш ҳақида хулоса берса ҳам ўша ер аукционга чиқарилмайди. 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасидаги ер майдонига ҳеч бир тегишли соҳа рад этиш хулосасини бермаган ва у аукционга чиқарилган.