Нукусда жамоат ишлари учун ойлик ололмаган аёллар кўчани тўсиб қўйди. Меҳнат вазирлиги ҳолат юзасидан баёнот берди
Жорий йил 17 декабр куни Нукус шаҳрида жамоат ишида қатнашган бир гуруҳ хотин-қизлар меҳнат ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги учун автомобил қатнов йўлида норозилик намойиши ўтказгани тўғрисида маълумотлар тарқалди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабарида айтилишича, мазкур ҳолат бўйича вазирлик томонидан тезкор ўрганиш ўтказилди.
Қайд этилишича, жорий йил ноябр ойида “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган камбағал оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзолари бандлигига кўмаклашиш мақсадида Нукус шаҳрида 1 184 нафар ишсиз фуқаро қўшимча равишда маҳалла фуқаролари йиғинлари буюртмасига асосан жамоат ишларига жалб этилган ва уларга 817 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланган.
Амалдаги тартибга мувофиқ, буюртмачи – иш берувчи томонидан жамоат ишларида бажарилган иш ҳажми тўғрисида далолатнома, жамоат ишига қатнашганлигини тасдиқловчи қайднома (табел) тақдим этилганидан сўнг мазкур ҳужжатлар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан кўриб чиқилиб, Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча маблағлари молиялаштирилиб берилади.
“Юқоридаги ҳолат юзасидан тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш, уларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва молиялаштиришда мутасадди ходимлар томонидан ўз вақтида ҳал қилинмаганлиги сабабли Жамоат ишлари жамғармаси томонидан пул маблағлари жорий йил 5 декабр куни ўрнига 15 ва 17 декабр кунлари ўтказилган.
Ҳозирги кунга қадар фуқароларга 226 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилди, қолган 591 миллион сўм маблағ Нукус шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 18 декабр куни тўлиқ тўлаб берилади”, — дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, ўрганиш якуни билан айбдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади. Маблағлар тўлиқ тўлаб берилгани ва айбдор мансабдор шахсларга чоралар кўрилганлиги тўғрисида маълумот қўшимча тақдим этилади.
Мавзуга оид
08:17 / 09.12.2024
Гуржистон парламенти ёнида «норозилик» арчаси пайдо бўлди
14:23 / 21.11.2024
Гуржистондаги норозиликлар ташкилотчилари янги ҳаракат режасини ишлаб чиқади
17:13 / 30.10.2024
BMW, Mercedes, Porsche ва бошқа немис компанияларида умуммиллий иш ташлаш бошланди
10:33 / 08.09.2024