Саммит ишида Беларус президенти Александр Лукашенко, Молдова президенти Игорь Додон, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчиси Талант Мамитов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев ва Ҳамдўстлик Парламентлараро ассамблеяси кенгаши раиси Валентина Матвиенко иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ МДҲ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва устувор йўналишлари кўриб чиқилди, шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги режалар белгилаб олинди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон шу йил МДҲга раислик қилишдек шарафли ва масъулиятли вазифани илк бор ўз зиммасига олганини таъкидлади.

МДҲнинг улкан салоҳиятидан фойдаланиш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиққан инқироздан тез фурсатларда чиқишнинг мақбул йўлларини топиш учун хизмат қилишига ишонч билдирилди.

«Ўзбекистон умумий муаммоларни ҳал қилишга янги, ностандарт ва ўзаро манфаатли ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёр», деди президент.

Ўзбекистон МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига изчил ўтиш, шериклик механизмлари ва қабул қилинган ҳужжатлар ижроси самарадорлигини ошириш тарафдори экани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга доир қатор таклифларни илгари сурди.

Хусусан, бугунги шароитда мамлакатлар иқтисодиётлари, савдо ва кооперация алоқаларини жадал суръатларда қайта тиклаш устувор вазифа экани таъкидланди. Мавжуд муаммоларга қарамай, Ўзбекистоннинг МДҲга аъзо бошқа мамлакатлар билан товар айирбошлаши барқарор ўсиб бораётгани кузатилмоқда. Айрим шериклар билан савдо жорий йилда 20 фоиздан зиёдга кўпайди.

Ҳамдўстлик доирасида «яшил» ва соддалаштирилган йўлаклар амалиётини кенг жорий этиш, электрон савдони ривожлантириш бўйича ягона платформани ишга тушириш ва «йўл харитаси»ни қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари саноат кооперацияси бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди.