Меҳнат таътили ёхуд пандемия туфайли Ўзбекистонга қайтган, бироқ ўзи ишлаётган корхона уни қайта-қайта ишга чақираётганига қарамай, у ерга бора олмаётган ватандошлардан Kun.uz'га кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Kun.uz мухбири Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновлар тикланмаётганининг сабаблари, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари нима учун Россияга киритилмаётгани, бу борада ҳукуматлараро музокаралар қайси босқичда экани юзасидан расмийларга мурожаат қилди.

«Россия чегараларини қачон очиши номаълум»

Наврўз Ашурматов, Транспорт вазирининг матбуот котиби:

— Айни пайтда Россия Федерацияси ҳудудига кириши мумкин бўлган шахслар тоифаси бор. Жумладан, элчилар, Ўзбекистоннинг дипломатик консулхоналари вакиллари ва уларнинг оила аъзолари, даволаниш учун келаётган шахслар, хорижда яқин ёки касал қариндоши бор инсонлар, дипломатик ваколатхоналар сўрови билан транзит ўтаётган йўловчиларгина кетишмоқда. Улар ҳам ПЗР тест топшириши ва «Роспотребнадзор» сайти орқали рўйхатдан ўтиши талаб этилади. Мана шундай процедуралари бор.

Бундан ташқари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ташкилий тарзда Россияга ишлашга юборилаётган фуқароларимиз мамлакат ҳудудига киритилмоқда. Бироқ аввалгидай ўзи индивидуал тарзда ишлаш учун ушбу давлатга бормоқчи бўлаётганларга ҳозирча рухсат йўқ.

Россия қачон чегараларини очиши номаълум. Бу йилнинг ҳисобидан, менимча, рухсат бермаса керак. Чунки Европада коронавирус билан касалланишнинг янги тўлқини кузатилмоқда. Россия Федерация Махсус комиссияси ҳам чегаралар очилмаётганини айнан пандемия билан изоҳламоқда.

Бу борада айтишим мумкин бўлган битта янгилик шуки, ўтган ҳафта бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Россиядан меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга олиб қайтиш учун Москвадан поезд қўйилишига рухсат берилди. Аммо бу фақат қайтувчилар учун, Россияга борувчилар учун эмас.

Ўзбекистонликлар айни пайтда якка тартибда на самолёт, на поезд ва на автобус ва автомобилда Россия ҳудудига кира олмайдилар.

Бизга ҳам тезроқ рухсат берилса, рейслар очиб юборилса, қанийди. Авиация, темир йўл, автобус рейсларидан фойдаланадиган йўловчиларнинг асосий қисми Россияга қатнарди, у ердан қайтарди. Чекловлар туфайли ушбу йўналишларда ҳаракатланиш бугун тўхтаб қолган.