14:09 / 20.12.2020
9036

Элликқалъа тумани мактабгача таълим бўлими мансабдорлари 1,6 млрд сўмни асоссиз сарфлашининг олди олинди

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани Мактабгача таълим бўлими мансабдор шахслари томонидан давлат харидларини амалга оширишда қонун нормаларига риоя қилинмагани маълум бўлди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мутахассислари томонидан Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор М.Ш. мурожаати бўйича Элликқалъа тумани Мактабгача таълим бўлими мансабдор шахслари томонидан бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича ўрганишлар ўтказилган ва ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига сўров юборилган.

Натижада прокуратура томонидан Элликқалъа тумани Мактабгача таълим бўлими ҳузурида тузилган танлов комиссиясининг 2020 йил 24 сентябрдаги 3-сонли мажлиси баёнига асосан танлов ғолибини аниқлаш бўйича комиссия қарори «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда қабул қилингани аниқланиб, мазкур мажлис баёнини бекор қилиш ҳақида протест киритилган.

«Ўрганишлар якунида Элликқалъа тумани мактабгача таълим бўлими масъул шахслари томонидан офис мебеллари харид қилишда қонунчилик талабларига риоя қилинмагани учун харид бўйича тузилган шартномалар бекор қилиниб, қарийб 1,6 млрд сўм бюджет маблағлари асоссиз сарфланишининг олди олинди», дейилади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотида.

Шу билан бирга, давлат харидлари соҳасида қонун талаблари ижросини таъминламасдан, зиммасига юклатилган хизмат вазифаларини лозим даражада бажармай хизмат интизомини бузиб келган Элликқалъа тумани Мактабгача таълим бўлими вакиллари Д.Б., М.Ҳ., М.Н., Ў.С. ва Х.А.га нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Top