Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати аризачи «UzAuto Motors» АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан юритилган маъмурий иш юзасидан қабул қилинган Тошкент шаҳар маъмурий судининг жорий йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажримига нисбатан қўмитанинг апелляция шикояти кўриб чиқилди. Мазкур иш юзасидан суднинг қарори 2020 йил 18 декабрда эълон қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Суд қарорига кўра, Тошкент шаҳар маъмурий судининг жорий йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажрими ўзгаришсиз, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

18 декабр куни суд мажлиси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг апелляция шикоятига қўшимча киритиш билан бошланди.

Апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида «UzAuto Motors» томонидан турли важлар келтирилди. Масалан, жамиятнинг нарх сиёсати 2018 йилгача давлат томонидан тартибга солингани, аммо шундан кейин жамият кузатув кенгаши бу масалада мутлақ ваколатли экани таъкидланди.

«UzAuto Motors»нинг қўмита махсус комиссияси қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги аризасида, шунингдек, шу масала юзасидан ўтган суд мажлислари давомида жамият вакиллари томонидан билдирилган тушунтиришларда шикоят асосларидан бири сифатида «монопол юқори нарх қўллангани» ўз исботини топмагани айтилган. Булар айтмоқчики, Монополияга қарши курашиш қўмитаси компанияга нисбатан текширувда монопол юқори нарх қўлланганини аниқламаган, важлар асоссиз. Ўз навбатида қўмита вакиллари «монопол юқори нарх қўллангани»ни асослантирувчи важларни келтирди. Бироқ, суднинг ҳал қилув қарорда ушбу важлар инобатга олинган ё рад этилгани билдирилмаган», — дейди қўмита вакили Сардор Отамуродов.

Сардор Отамуродов

Судья қўмита вакилларидан «UzAuto Motors» табиий монополия субъектига мансублигини аниқлаштиришни сўради. Сардор Отамуродовнинг айтишича, компания табиий монополия субъекти эмас, балки устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъект ҳисобланади.