Ўзбекистон | 18:09 / 23.12.2020
13365
4 дақиқада ўқилади

Акмал Саидов Конституцияга ўзгартиш киритиш масаласидаги баҳсларга муносабат билдирди

Қонунчилик палатаси ҳаммасини тўғри қилган, дея баёнот берди палата биринчи вице-спикери. Депутатлар қабул қилиб, Сенатда кўрилиши кутилаётган қонун матни айни пайтгача эълон қилингани йўқ.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Конституцияга тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун кенг жамоатчилик фикрисиз қандай қилиб палатадан ўтиб, Сенат ялпи мажлиси кун тартибига киритилгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

Суд тизимидаги янгиликлардан келиб чиқиб, Конституцияга 15-марта тузатиш киритилиши қай йўсинда қилинаётгани танқидларга сабаб бўлган эди.

Акмал Саидов бу масалада Қонунчилик палатаси ҳаммасини тўғри бажарган, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

«Мен Сенат учун эмас, фақатгина Қонунчилик палатаси учун жавоб бераман. «Қандай қилиб Қонунчилик палатасидан ўтиб кетди?» деган кесатиғингизга ҳам қўшилмайман. Биз Конституция бўйича ва киритилган қонунлар бўйича ишлаганмиз ҳамда буни охирига етказдик.

Биз Ўзбекистонда янги суд тизими бўйича барча керакли қонунларни қабул қилдик. Тўрт хил судни биттага бирлаштирдик. Шу ҳаммаси Конституциянинг 117-моддасига киритилиши керак. Бу 1 январдан ишлаши керак. Лекин Сенат...» – дея бошлаган гапини очиқ қолдирди у.

Маълумот учун, Сенат бу қонунни 18 декабрдаги ялпи мажлисида кўришни режалаштирган эди. Аммо бу қандай ўзгаришлар экани очиқланмагани, қонун матни эълон қилинмагани жамоатчиликда эътироз уйғотгач, Сенат ялпи мажлисидан бир кун олдин масала кун тартибидан ўчирилди.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси расмий сайти ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланмаган.

Қуйи палата спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов 23 декабрь кунги матбуот анжуманида сўзида давом этар экан, Конституцияга ўзгартириш киритиш тартибини белгиловчи 128-модда ҳақида тўхталди.

«Конституцияни ёзганлардан биттаси менман. Конституцияни нафақат ўқиш керак, уни уқиш ҳам керак. Кейин, Конституцияни ўқишни ҳам билиш керак.

128-моддага кўра, Олий Мажлис тегишли таклиф киритилгандан кейин 6 ой мобайнида Конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин.

Яъни, 6 ой ичида қабул қилиш керак. Тегишли таклиф киритилганидан кейин энг кечи шунча дейилган-да. Айрим одамлар буни таклиф киритилганидан кейин 6 ой муҳокама қилиш керак, деб тушунмоқда.

Суд тизимига ўзгартириш киритиш масаласини депутатлар жойига бориб ўргандик. Таклиф одамлардан чиқди, улар биз тўртта судга бориб, сарсон бўляпмиз, битта қилайлик, деяпти.

Қонунчилик палатасига таклиф киритилганидан кейин 6 ой муҳокама қилиш? Йўқ. 6 ой – бу энг кеч муддат. Қонун таклиф киритилгач бир кун ичида ҳам қабул қилиниши мумкин. Мана шу таклифлар – бир кун эмас, бир неча йил давомида муҳокама қилиниб, етилиб келаётган, суд-ҳуқуқ соҳасидаги навбатдаги қадам эди. Ўзбекистонда янги судлар тизими яратиляпти.

Бу бўйича биз бешта қонунни қабул қилганмиз. Уларни маъқуллаш ё маъқуллашмаслик – Сенатнинг ваколати. Қонунчилик палатаси ҳаммасини тўғри қабул қилган. Конституциясининг 128-моддасини тўлиқ бажарган. Ўйлайманки, бу ўзгаришлар киритилиши керак», – деди Акмал Саидов.

«Биз ҳар битта қонунни муҳокама қилаётганда бу ҳақда эълон қилиб борганмиз», – дея қайд этиб ўтди депутат.

Маълумот ўрнида, Конституция нормаларига шарҳ бериш Конституциявий суд ваколатига киради.

Мавзуга оид