Олдинги суд мажлисида Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқа судланувчиларнинг бюджет маблағларини талон-тарож қилинишига доир айбловлар юзасидан кўрсатмалари тингланган эди.

21 декабр куни бўлиб ўтган навбатдаги суд жараёнида гувоҳ ва экспертлар ўзига маълум бўлган ҳолатлар юзасидан кўрсатма беришди. Суд раиси, прокурор ва адвокатлар иш тафсилотларига ойдинлик киритувчи саволлар билан уларга мурожаат қилишди.

Суд мажлисига иш бўйича жалб этилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Шокир Ортиқов Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонасида марҳум Ф.Рустамовнинг ўлими юзасидан комиссия тузилгани, ўзи комиссия аъзоси сифатида қатнашганини таъкидлади. Шунингдек, бир неча бор шифохонага боришганида, бош шифокор Гулжаҳон Йўлдошева иш жойида бўлмагани сабабли текширувни ўтказа олишмаганини қўшимча қилди. Шокир Ортиқов комиссия хулосасини ўқиб эшиттирди.

Ишга эксперт сифатида жалб этилган Собиржон Райимов ҳам ўзига маълум ҳолатлар юзасидан кўрсатма берди. Эксперт марҳум Ф.Рустамовни прокуратура терговчисининг қарорига биноан суд тиббий экспертизасидан ўтказганини ва экспертиза хулосаси бўйича маълум ҳолатларни судга баён қилди.

Яна бир гувоҳ Душан Бегатов ҳам судда кўрсатма берди. Бегатов марҳум Ф.Рустамов Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида ишлаганини, кейинчалик Ф.Рустамов бошқа шифохонага кўчирилганидан сўнг, унинг касаллик тарихига бошқанинг номидан имзо қўйганини айтиб ўтди.

Карантин даврида Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлаган Aйдана Есеналиева судда кўрсатма беришича, Йўлдошеванинг марҳум Ф.Рустамовни бошқа шифохонага кўчириш ҳақидаги гапини эшитиб қолган.

Лекин Йўлдошева бундай гапни айтмаганини, Aйдананинг гаплари ёлғон эканини таъкидлади. Адвокат Х.Аҳроровнинг бу гапни Йўлдошева айнан қачон ва қайси тилда, кимларнинг олдида айтгани ҳақидаги саволига эса, Есеналиева аниқ жавоб бера олмади.