Boxing Day тушунчаси футбол оламида баъзан бироз нотўғри тушунилади. Йилнинг сўнгги ўн кунлигида Англияда бир неча тур ўтказилишини эътиборга олиб, кўпчиликда, бу термин ҳақида бироз нотўғри фикр шаклланган.

Аслида бу терминнинг илдизи boxing, яъни «бокс» эмас, «The Box» яъни «қути» маъносини англатади. Тарихда Christmas (25 декабр) байрамининг эртасида зодагонлар ўз хизматкорларига дам олиш имконини беришган ва уларга қутида совға улашилган. Бу куннинг алоҳида байрамга айланиши айнан ўша одатга асосланади, кейинчалик, бу кунда инглизлар бир-бирларига қутиларда совға беришга одатланишди.

Бир неча спорт турларида, хусусан футболда ҳам 26 декабрда ўйинларни ўтказиш урфга кирди ва ҳар йили бу санада ҳафтанинг қайси куни бўлишидан қатъи назар тур ўйинлари ўтказиладиган бўлди. Шунинг учун ҳам кўпинча чемпионатнинг 18- 19-турларига тўғри келадиган бу кунга алоҳида эътибор бериладиган бўлди ва алоҳида ҳисоб-китоблар юритилиши мухлислар учун қизиқдир.

Албатта, биратўла ўша сўнгги ўн кунликни эътиборга олиб, «Боксинг дэй»ни умумий қилиб, 3-4 тур деб тушунилиши у қадар зарар эмас. Филологияда ҳам бутунни қисм билан ифодалаш қоидалари бор, масалан. Таҳлилчилар, журналистлар кетма-кет ўтказиладиган мана шу турларни умумий маънода шу атама билан номлашларини тушуниш учун ҳам, бу кунларнинг ўзига хослиги нуқтайи назаридан ҳам у қадар нотўғри туюлмайди.

Афсуски, бу сафарги байрамлар бироз фарқ қилади, пандемия билан боғлиқ чекловлар, аксарият ўйинларнинг умуман мухлисларсиз ўтиши, бунинг устига Британияда тарқалган янги турдаги вирус ваҳимаси футболга бироз соя солиши шубҳасиз. Аммо айтиш керакки, футболни телевизордан кўришга кўникиб бўлинди, уйдаги сокин муҳитда футбол томоша қилиш диққатни жамлашга ва жамоаларнинг имконияти, турнир ҳолатида таҳлилийроқ назар ташлаш имконини ҳам беради. Шу томондан позитив қараш ҳам мумкин.

Айни қизғин паллада турнир жадвали ҳам жуда тиғиз шаклланиб қолган ва бир неча жамоа учун ҳақиқий синов бошланяпти. Мана шу турлардаги натижалар уларнинг мавсумдаги асосий амбицияларини белгилаб беради. «Юнайтед» чемпионлик учун кураша оладими, Эллардайс бу сафар эплайдими, Артетани нималар кутиб турибди ва яна бир қатор қизиқарли саволларга жавоб олиш остонасида турибмиз.

«Ливерпуль»нинг таъқибчиси ким?

«Лестер» ўтган турда ҳам шу мақомдаги учрашувда майдонга тушган ва сафарда «Тоттенҳэм» устидан ғалабага эришганди. Рожерс шогирдлари ҳозирча 27 очко билан пешқадамдан 4 очко ортда қолган ҳолда 2-ўринда боришмоқда. Аслида эса, йўқотилган очколар бўйича «Манчестер Юнайтед» иккинчи, фақат манчестерликларнинг захирада «Бёрнли»га қарши ўйини турибди. Демак, бугунги ўйин натижаси АПЛдаги соф иккинчи жамоани аниқлаб беради. Аммо жадвал шу қадар тиғиз юзага келганки, масалан, «МЮ» бугун ғалаба қозонса, ҳатто йўқотилган очколар бўйича турнирда асл пешқадамга айланиб олиши, аммо мағлубиятга учраса, 8-ўринга тушиб кетиш эҳтимоли ҳам мавжуд.