Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бугун тарихий даврнинг янги босқичи – халқимиз ўз олдига эзгу мақсадлар қўйиб, ўз куч ва имкониятларига таянган ҳолда, оғир ва синовли кунларда ҳам ҳамжиҳатлик ила тараққиёт сари одимлаб бораётган паллада яшаяпмиз.
Тарихдан маълумки, халқимиз кўп синов ва қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтган. Ота-боболаримиз азалдан оғир кунларда аҳил ва ҳамжиҳат бўлган. Ҳар бир қарори, ҳаракатида мўътабар манбалар, соғлом ақлга таянган.
Бугунги синовли кунларни халқимизга хос ва муносиб тарзда енгиб ўтишда, муҳтарам Президентимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашлари, халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат, олийҳимматлик тўла замин бўлмоқда. Қалбида имон-эътиқоди мустаҳкам халқимиз учун Яратганнинг Ўзи мададкор бўлаётир.
Хайр ва саховат инсонни улуғлаб, ҳар икки дунёда ҳам ажру савобга сазовор этиши ҳақида алломаларимиз таъкидлаб ўтганлар. Ислом динида ҳам мўминнинг энг улуғ сифатларидан бири хайр ва саховат эканига ишора қилинади.
Ислом дини моҳиятида мужассам бўлган барча фазилатлар асрлар оша башариятни ҳидоятга чорлаб келмоқда. Айниқса, муборак динимизнинг эзгулик, хайру саховат, меҳр-оқибат, мурувват каби олижаноб ғоялари жамиятда инсонпарварлик, бағрикенглик муҳитининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Ҳозирги кунда дунё аҳли коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни бошидан кечирмоқда. Халқимиз ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам ила енгиб ўтишида Ҳақ таолонинг Ўзи мададкор бўлмоқда.
Бутун дунёга катта ташвиш ва муаммо бўлиб турган коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича Давлатимиз Раҳбарининг бевосита бошчилигида тизимли ишлар амалга оширилди. Ҳукуматимиз томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар узлуксиз амалга оширилди.Ўз навбатида, юртимиз аҳолиси томонидан ҳам ушбу хасталикни инсоният бошидан аритиш йўлида бирдамлик, аҳил-иноқлик намуналари кўрсатилди. Шунингдек, мана шундай синовларни тез орада инсоният бошидан аритиш борасида Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ва мўътабар манбаларда маълум амалларни бажариш ва дуою тазаррулар ўқиш ҳам давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мўътабар манбаларда доимий равишда Аллоҳ таолодан халқ фаровонлиги, юрт равнақи учун хайру барака тилаш, тинчлик-офият сўраш ва эзгу дуолар қилиш лозимлиги ҳақида кўп баён этилган. Шу боис, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан диёримизнинг энг табаррук жойларида илғор фикрли, фазилатли уламолар, тажрибали имом-хатиблар етакчилигида Қуръони карим хатмлари ва меҳр-мурувват тадбирлари амалга оширилмоқда.








