Дастлаб, ЎФА ҳисобот конгресси ўтказилиб, ташкилот бош котиби Аваз Максумов Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан йил давомида қилинган ишлар ҳисоботини берди.

Жумладан, 2020 йилда Япониядан 211 минг АҚШ долларига Суперлига ўйинлари учун 2та VAR тизими сотиб олингани ҳамда ОФКнинг 800 минг долларлик лойиҳаси асосида Нукус, Наманган, Бухоро ва Тошкентда сунъий қопламали стандарт майдонлар қуриб, фойдаланишга топширилгани қайд этилди.

Кейин эса маросимнинг расмий қисми якунланиб, йил лауреатлари ва махсус совринлар ўз эгаларига топширилди. 

«Пахтакор» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Жалолиддин Машарипов Ўзбекистонда 2020 йилнинг энг яхши футболчиси сифатида деб топилди. 

27 ёшли ўйинчи ўтган мавсумда тошкентликлар билан Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида зафар қучди, ОЧЛда чоракфиналгача етиб борди. Суперлигада 23та ўйинда майдонга тушиб, 7та гол урди. Номзодлар орасида Элдор Шомуродов («Женоа») ва Ойбек Бозоров («Насаф») ҳам бор эди.

«Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши мураббийи деб топилди.
Бердиев қўл остидаги «Насаф» ўтган мавсумда Суперлигада 2-ўринни қўлга киритди, Ўзбекистон Кубогида яримфиналгача етиб борди. Номзодлар орасида Вадим Абрамов («Бунёдкор» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси) ва Миржалол Қосимов (ОКМК) ҳам бор эди.

Барча лауреатлар билан танишинг:
Ўзбек футболи нуронийси – Евгений Валицкий 
Энг яхши ёшлар мураббийи – Зайнидин Тожиев
Суперлиганинг энг яхши ёш футболчиси – Абдувоҳид Неъматов (Насаф)
Самарали ҳамкорлик - Coca Cola, Apex, «Sport» ва UZREPORT TV телеканали 
Махсус соврин - «Турон» футбол клуби
Про лиганинг энг яхши футболчиси – Абдулазизхон Абдурашидов («Турон»)
Фидоийлик рамзи - «Пахтакор» фан-клуби
Мухлислар меҳри - «Насаф» футбол клуби
Йилнинг энг яхши ҳаками – Аҳрол Рисқуллаев
Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футзалчиси – Акбар Усмонов («Пахтакор»)