Ўзбекистон | 08:10 / 27.12.2020
11004
2 дақиқада ўқилади

«Онлайн назорат касса машиналари  жорий қилинишининг сабаби — истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» — ДСҚ

Онлайн назорат касса машиналари жорий қилиниши орқали аввалги чекларда фақатгина сумма кўрсатилган бўлса, энди янги тизим орқали маҳсулот тури ҳам белгиланади. Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қулайликларни юзага келтиради.

АОКА ҳузурида ташкил этилган йиғилишда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров онлайн назорат касса машиналарини жорий этгандан сўнг, яратилажак қулайликлардан бирига тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Албатта, муаммо бор. Онлайн касса машиналари жорий қилинишининг асосий сабаби ҳам шуки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Шу пайтгача амалда бўлган бошқа назорат касса чекларида фақат сумма белгиланарди, холос. Онлайн назорат касса чекида эса маҳсулот тури ҳам кўрсатилиши назарда тутилган. Биз ўзимиз ҳам супермаркетларда харидларни амалга оширганимизда чекларда маҳсулот номлари ҳам чиқади. Онлайн назорат кассаларида ҳам худди шундай чек берилади. Лекин бугун ҳамма дўконлар ҳам шундай йўл тутяпти, деб айтолмаймиз», – дея маълум қилган ДСҚ раиси ўринбосари.

Президентнинг 2017 йил 29 сентябрдаги «Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, аҳоли билан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган назорат-касса машиналарини босқичма-босқич жорий этиш белгилаб берилган эди.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 500 тадан 1000 тагача бўлган онлайн назорат-касса машиналари тажриба-синов тариқасида амалиётга татбиқ этилиши айтиб ўтилган эди.  Aйни пайтда Ўзбекистон бўйлаб қарийб 34 мингта онлайн НКМ ва виртуал касса ўрнатилган. Бироқ истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб жараёнида уларнинг 14 128 тасидан фойдаланилмаяпти.

Маълумот учун, 2020 йил 1 январдан алкогол ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизел ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи барча тадбиркорлик субъектлари учун онлайн назорат-касса техникаларидан фойдаланиш мажбурий. Мазкур шохобчаларда мижозга QR кодли чек берилиши шарт.

Мавзуга оид