ЎзМУ профессори, ЎзФА Математика институти етакчи илмий ходими сифатида ишлаб келаётган Аброр Худойбердиев 34 ёшда. У 2015 йилда фан доктори илмий даражасини олган.

Kun.uz мухбири Кўксаройдаги маросимдан сўнг ёш олим билан суҳбат уюштирди.

Мактаб ўқувчиси математика менга нега керак деб сўраса...

— Баъзи одамларда математика қийин фан деган тасаввур бўлади. Бу тўғрими?

— Тўғри, кимлардир математикани қийин деб ўйлашади. Унинг қийин эмаслигини ҳис қилиш учун унга нисбатан озгина муҳаббат бўлиши керак деб ҳисоблайман. Агар инсонда фанга муҳаббат ёки қизиқиш бўлмас экан, унга исталган усул билан бўлсин ўргатиб бўлмайди.

Демак, биринчидан, муҳаббат керак. Иккинчидан, қобилият ва учинчидан, меҳнатсеварлик. Бу учаласини математикнинг маънавий устуни деса бўлади. Мактаб ўқувчисида дастлабки иккиси бўлса етарли, чунки қизиқиши ва лаёқати бор болага математикани ўргатиш қийин бўлмайди.

Меҳнатсеварлик нима учун зарур – агар инсонда муҳаббат ва қобилият бўлсаю, у ўз устида ишламаса, кўзланган мақсадга эришолмайди. Яъни бу кўпроқ инсон олдига қўйган мақсадларига боғлиқ бўлади.

— Мактабда ўқувчи математика менга нега керак деб савол берса, нима деб жавоб берган бўлардингиз?

— Албатта, савол жуда ўринли. Кичик синфларда масалаларни бемалол ишлаб, уни ҳаётга боғлаб юрган бола катта синфга ўтганда математик қоидалар, масала-ю формулалар қийинлаша бошлайди. Шунда ўқувчида ҳаққоний савол пайдо бўлади – нима учун керак: шунчаки ўрганишим керакми, университетга киришим учун керакми, каби. Бу жойда ўқитувчининг маҳорати керак бўлади, яъни ҳар бир масалага алоҳида ёндашиш зарур.

Агар шундай йўл тутилса, ҳар бир масалани ҳаётга татбиқи бор ва уни тушунтириб бериш мумкин. Бу педагогнинг қай даражада маҳоратли эканига боғлиқ. Шу томондан ҳам камчиликларимиз бўлса керак. Аслида эса мактабдаги барча мисол ва масалаларни ҳаётга боғлаб тушунтириш мумкин.

Математика йўналишида таҳсил олаётган талабаларга педагогик томондан чуқурроқ ва болага қандай етказиб бериш, тушунтириш масалаларига кўпроқ эътибор қаратиш керак.