Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Италия А Серияси 15-туридан ўрин олган «Лацио»га қарши ўйинда «Женоа» сафидаги энг ёрқин ўйинларидан бирини ўтказди. Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган ҳужумчи «Сампдория» ва «Парма»га қарши баҳсда бўлгани каби яна қутқарувчи вазифасида пайдо бўлди.

Шомуродов 58-дақиқада тўпни майдоннинг «Женоа» ҳаракат қилаётган томонида қабул қилиб олиб, олдинга борди ва ажойиб дриблинг билан Лукас Лейвани алдаб, Дестронинг гол уриши учун деярли ҳамма ишни қилиб берди. Худди «Сампдория»га қарши ўйинда Скамаккага амалга оширган узатмаси каби. Дестронинг голи «Женоа»ни мағлубиятдан қутқариб қолди ва кучли рақиб билан ўйинда Баллардини жамоаси очко олди.

Шомуродов А Сериядаги иккинчи самарали ҳаракатини амалга оширди. «Парма»га қарши ўйинда А Сериядаги илк голини урган Элдор бу гал биринчи марта голга ассистентлик қилди. Аслида «Милан»га қарши ўйиндаги Дестронинг голида ҳам Элдор голга ассистентлик қилганди десак, тўғри бўлади, чунки айнан унинг зарбасидан сўнг Доннарумманинг қайтарган тўпини Дестро голга айлантирганди. Масалан, футбол менежер ўйинларида бу ҳаракатга очко ёзилади.

Шунингдек, Элдорнинг ҳисобида Италия кубогида амалга оширилган битта ассист бор. Шу тариқа Элдор Шомуродовнинг Италиядаги фаолиятида ҳозирча шундай статистика: 10 та ўйин, 1 та гол, 2 та ассист. «Лацио»га қарши ўйинда Элдор учун ўзини кўрсатиш икки карра муҳим эди, чунки янги мураббийи Баллардини уни олдинги ўйинда захирада қолдирганди. Шу сабаб Элдор янги устозига майдонга тушишга ҳақли эканини исботлашни хоҳларди. Бунинг уддасидан чиқди ҳам. Баллардини ўйиндан кейин «Шомуродов ва Дестронинг комбинацияси сизни ажаблантирдими?» деб берилган саволга хотиржам жавоб берди: «Элдорни машғулотларда мураббий сифатида кузатяпман, Дестрони эса анчадан бери биламан. Шу сабаб уларнинг ҳаракати мени ажаблантирди дея олмайман».

Бироқ Твиттерда италиялик мухлислар Элдорнинг ҳаракатларига Баллардини каби хотиржам баҳо беришмади. Кўпчилик у ҳақда илиқ фикрлар билдирди, «Женоа»нинг асосий ўйинчиси деганлар ҳам бўлди ҳатто. Қуйида Элдор Шомуродов ҳақида билдирилган жуда кўп фикрлардан баъзи эътиборлиларини келтирамиз.

«Шомуродов майдонга тушган деярли барча ўйинларда бирорта самарали ҳаракатни амалга оширяпти. Техникаси жойида, Лейвани осонгина алдаб ўтиб, Дестрони қулай вазиятга олиб чиқди. Балки у мавсум давомида 15 та гол урмас, лекин айнан у ишониш мумкин бўлган футболчи», деб ёзган италиялик мухлислардан бири. Унга жавоб ёзган бошқа бир мухлис шундай деди: «У орқароқда ўйновчи плеймейкер вазифасидаги ҳужумчи бўлиши керак. Афсуски, бундай футболчига жон сақлаб қолиш учун курашаётган жамоа энг яхши вариант эмас».