«Мадияровул» маҳалласи Наманган шаҳридан 90 км узоқликда, чўл ҳудудларига туташиб кетган ерда жойлашган. Жийдакапа кўчаси маҳалла марказидан 5 км ичкарида жойлашган бўлиб, биз уйига ташриф буюрган Қобилжон Норйигитов ҳам ўша кўчада истиқомат қилади. Бу овулда 22та хонадон мавжуд. Асосий тирикчилиги чорвачилик ва деҳқончиликдан иборат бўлган овулликлар ҳаёти билан яқиндан танишдик.

Қобилжон Норйигитовнинг асли касби дурадгорлик. Иссиқ кунларда уй-жой қуриш билан шуғулланади. Қиш фаслида қурилиш ишлари камайган пайтда ишсиз бўлади. Ҳозирда уй ишлари, ўтин ёриш, чорвага қараш билан шуғулланади.

Суҳбат давомида у ёшлигида мактабга 5 км масофадан пиёда қатнагани, ҳозирда ҳам овулда яшовчи болалар мактабга пиёда бориб келиши ҳақида айтди. Ундан ташқари, қишлоқ врачлик пунктига, дўконга, қўйингки, эҳтиёж учун керак бўлган кўплаб ишлар айнан овулдан 5 км масофа узоқликда амалга оширилади. Унинг устига овулга ҳеч қандай йўловчи такси қатнамайди.

Бундан ташқари, шу масофадан ҳар ҳафта туман марказида бўладиган бозорга бориб келинади.

Маҳаллага аввал ҳам умуман газ келмаган. Ҳозир ҳам, асосан, ўтин билан кун кечиришади.

Қобилжон ака билан овул билан танишиш мақсадида кўчага чиқдик. Йўлда сув ташиб кетаётган болакайларга кўзимиз тушди. Маҳалла аҳлининг айтишича, овулда сув муаммо. Бир дона яхши тозаланмаган қудуқдан сув ташишади. Баъзида ариққа сув келиб қолса, ўшандан ҳам истеъмол қилишади. Бу ерда яшовчилар бир дона бўлса ҳам сув крани чиқариб берилса, хурсанд бўлишарди.

Овулни айланар эканмиз, ҳар бир хонадонда камида бир дона ёки икки-учтадан ит борлигига гувоҳ бўлдик. Овулдаги энг охирги хонадон эгаси Шукурулло Турғунпўлатов эса қушларга, паррандаларга қизиқади.